Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида стритбол бўйича 16-21, 22-26, 27-30 ёш тоифасида маҳалла ёшларидан ташкил топган ўғил болалар ўртасидаги “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика финал беллашувлари бўлиб ўтди.
Уч кун давомидаги шиддатли беллашувлар натижасида 16-21 ёш тоифасида 1-ўрин Чирчиқ шаҳридаги Баҳор маҳалласи ёшларига насиб этган бўлса, кейинги ўринлар Нукус шаҳридаги «Дарвент» ва Қува туманидаги «Раста» жамоаларига тегишли бўлди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 22-26 ёшлилар ўртасидаги мусобақаларда ғолиблик Андижон вилояти, Олтинкўл тумани «Сарой-1» маҳалла фуқаролар йиғини вакилларига насиб этди. Кейинги поғоналардан Фарғона вилояти, Қувасой туманидаги «Боғбон» ва Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳридаги «Кирантов» маҳалласи жамоаси жой олди.
27-30 ёш тоифасидаги баҳсларда Тахиаташ туманининг Обод маҳалла жамоаси шоҳсупага кўтарилди. Кейинги қаторларни Чиноз туманидаги Чорвадор ҳамда Жиззах вилояти Ғаллаорол шаҳридаги Самарқанд маҳалла вакиллари эгаллади.
Кучли учликдан жой олган жамоалар диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш лозим, “Беш ташаббус олимпиадаси” финал босқичида ғолиб бўлган жамоаларнинг маҳаллаларига универсал спорт майдончаси, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларнинг маҳаллаларига “Workout” ва “Streetball” майдонларини ўзида жамлаган болалар спорт майдончалари барпо этилади.
ЎзА