Давлат хизматларини кўрсатишда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган давлат идораларидан ташқари давлат хизматларини ўз вақтида кўрсатмасдан, фуқароларни сарсон қилаётган, уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдираётган айрим давлат идоралари ҳам учраб турибди.
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг май ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг таркибий тузилмаларининг давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, соғлиқни сақлаш органлари томонидан 5,7 мингдан ортиқ ҳолатда (3 мингдан ортиқ ҳолатда аризалар белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган, 2 мингдан ортиқ ҳолатда давлат хизматини кўрсатиш тартибига риоя этилмаган, 90 дан ортиқ ҳолатда фуқаролардан ортиқча ҳужжат олинган) давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техниканинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини беришда 2 мингдан ортиқ, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият учун лицензия беришда мингдан ортиқ, туғилганликни қайд этишда 640 дан ортиқ, фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштиришда 200 дан ортиқ, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олишда 193 та, тиббий фаолиятни лицензиялашда 40 дан ортиқ ҳолатларда давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилмагани аниқланган.
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, соғлиқни сақлаш органларининг 250 дан ортиқ ходимига нисбатан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонунчилик ҳужжатларини бузгани учун маъмурий жазо чоралари қўлланилди. Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан 300 дан ортиқ тақдимнома киритилиб, 50 дан ортиқ ходим интизомий жавобгарликка тортилди.
Н.Абдураимова, ЎзА