Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Жумладан, “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрь куни “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб, республикамиз шаҳар ва туманлари 5 та тоифага ажратилди. Туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, субсидиялар бериладиган бўлди. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги қонун лойиҳасига кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, солиқ қонунчилиги талабларини янада соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, 11 та вилоятдаги 47 та “шароити оғир” бўлган туманларда янгидан ташкил этилган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғи солиқ ставкаларини пасайтириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда жисмоний шахсларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаси қўлланилишини тўхтатиб туриш белгиланмоқда. Бундан ташқари, электротехника тармоғи корхоналарининг иҳтисослаштирилган марказларини ривожлантириш мақсадида вақтинчалик солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилмоқда. Муҳокамаларда фракциялар аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирди. Аниқлаштирувчи саволларига тегишли масъуллардан жавоблар олдилар.

Йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА