Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун билан телекоммуникация ва ахборотлаштириш соҳаларига қулайлик яратилди.

Телекоммуникация соҳасидаги хизматлар учун тўланадиган давлат божи миқдори икки бараварга камайтирилди. Жумладан, эндиликда телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун БҲМнинг 170 баравари миқдорида давлат божи тўланади. Илгари бу БҲМ нинг 340 баравари эди.

Телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш учун, шу билан бирга бундай тармоқларини қуриш учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи олинади. Илгари бу БҲМнинг 20 баравари миқдорида эди.

Телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларидан фойдаланиш ҳамда шундай хизматларни кўрсатганлик учун БҲМ нинг 75 баравари миқдорида давлат божи тўланади. Илгари бу кўрсаткич БҲМнинг 150 баравари эди. Таҳлилларга кўра, ҳудудлардаги хусусий телеканал ва радиоканаллар ўз телерадио дастурларини эфирга узатиш ҳамда моддий-техник базаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашда айрим молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу боис, қонун билан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдори 50 фоизга камайтирилгани уларнинг молиявий имкониятларини яхшилайди.

Ахборотлаштириш соҳасида ҳам имтиёзлар жорий этилмоқда. Улар йиллик давлат божини ҳар чоракда бўлиб тўлаши мумкин. Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга ҳам давлат божини тўлашда имтиёзлар берилди. Янги қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиши натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтирилди. Уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатишда лицензия олганлик учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 25 минг баравари этиб белгиланди. Илгари бундай норма мавжуд эмас эди. Шу билан бирга, агар уяли алоқа виртуал оператори томонидан навбатдаги йиллик давлат божини тўлаш давридан олдинги молия йилида кўрсатилган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 миллион бараваридан ошган тақдирда, ушбу уяли алоқа виртуал оператори даромадининг бир фоизи миқдорида қўшимча давлат божи тўланиши белгиланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобиль алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган битта виртуал мобиль алоқа оператори мавжуд. Қонун уяли алоқа виртуал операторлари фаолиятини кенгайтириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун адолатли рақобат муҳити яратишга замин яратади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА