2023 йил 16 июнда давлатимиз раҳбари “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатиб келинган. Маъмурий ва фуқаролик ишларида бу назарда тутилмаган.

Қолаверса, ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона органнинг белгиланмагани кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига олиб келган.

“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун ана шу муаммоларга барҳам беради.

Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланди.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.

Қонун бидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахслар доираси ҳам белгиланди. Кам таъминланган шахслар (агар улар фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар бўлса),  маъмурий ишлар бўйича аризачилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам олиши мумкин.

Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунга мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда бепул юридик ёрдам кўрсатилиши зарур.

Ўз ҳуқуқлари бузилган, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилгани муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар ҳам бепул юридик ёрдам олиши мумкин.

Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига бепул юридик ёрдам тақдим этилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органи (Адлия вазирлиги)га оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Ариза уч иш куни ичида кўриб чиқилади (Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган, жиноят ишлари бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар ва муддатлар бундан мустасно).

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.

Махсус ваколатли давлат органининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарори ёки адвокат тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими “Юридик ёрдам” ахборот тизимида рўйхатга олинганидан кейин тизим адвокатни автоматик равишда танлайди.

Адвокатга Ҳукумат томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда тўлов амалга оширилади.

Қонун инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, фуқароларга суд жараёнларида ишончли ҳимояланиш имкониятини яратади.

Қонун 2023 йил 17 июнда расмий эълон қилинди ва шу кундан эътиборан уч ой ўтгандан кейин кучга киради.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА