Женева шаҳрида Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Сессияда Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)га аъзо 187 мамлакат ишчилари, иш берувчилари ва ҳукуматлари делегациялари кенг кўламли масалаларни, жумладан, барқарор ва инклюзив иқтисодиётга адолатли ўтиш, сифатли шогирдлик дастурлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳар йили июнь ойида ХМТга аъзо 187 мамлакат вакиллари Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро меҳнат конференциясига йиғилади.

Конференция ҳукуматлар, ишчилар ва иш берувчилар вакиллари томонидан ишлаб чиқилган ХМТ конвенциялари ва тавсияларини қабул қилади. (Конвенциялар ХМТга аъзо давлатлар томонидан ратификация қилиниши мумкин бўлган юридик жиҳатдан мажбурий халқаро шартномалар ҳисобланади).

Ташриф доирасида Сенат раиси Танзила Норбоева бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Халқаро Меҳнат ташкилоти бош директори Жилбер Унгбо билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, ҳамкорлик қамровини кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда муносиб меҳнат шароитларини тизимли татбиқ этиш масалалари эътибор марказида бўлди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан кейинги йиллардаги амалий ҳамкорлиги натижасида меҳнат муносабатлари тизими мустаҳкамлангани, соҳада ўнта юксак кўрсаткичга эришилгани алоҳида қайд этилди.

ХМТнинг Ижтимоий адолат коалициясини тузиш, Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиё минтақасидан биринчилардан бўлиб Коалиция аъзолари қаторига киритиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Сенат раиси мамлакатимизнинг ХМТ билан ҳамкорлигига тўхталар экан,   Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига қатъий риоя қилиш йўлидан бориши, бу масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги, меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали ХМТ билан ҳамкорликни янада тизимли мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида, Ж.Унгбо Ўзбекистонда инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардор эканини таъкидлади. ХМТ раҳбари мамлакатимизда олиб борилган конституциявий ислоҳотларга тўхталар экан, Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган давлат қуришдаги қатъияти ва иродасини юқори баҳолади. Шунингдек, эришилган ўзаро алоқалар даражасига тўхталиб, бу борада Ўзбекистон ҳамкорлик йўналишида ҳам, ХМТнинг энг юқори стандартларига тўла жавоб берадиган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ҳам жаҳон мамлакатлари учун намунали давлат деб билишини алоҳида қайд этди.

Учрашув якунида меҳнат муносабатлари йўналишида истиқболдаги режаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси (ISSA) Бош котиби Марсело Aби-Рамиа Каэтано билан учрашув давомида эса икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан Ўзбекистоннинг ташкилотдаги янада фаол иштироки бўйича биргаликдаги лойиҳаларни давом эттиришга эътибор қаратилди.

Суҳбат чоғида Т.Норбоева Ассоциация томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилаётгани ва уларнинг самарали натижаларига кўра, дунё бўйлаб ижтимоий таъминот механизмларини ишлаб чиқиш соҳасида муҳим таклифлар тайёрланаётганига тўхталиб ўтди. Бу эса, ўз навбатида, Ассоциациянинг ижтимоий таъминот соҳасида нуфузли халқаро механизм сифатидаги глобал роли тобора ортиб бораётганидан далолат.

М.Каэтано Ўзбекистон томонидан ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасига кўтарилаётгани ҳурматга сазовор эканини таъкидлади. Мамлакатда амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар, хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилишига тўхталар экан, Бош котиб глобал миқёсда аҳамияти ниҳоятда ортиб бораётган масалаларни ҳал этишда бундай ихтисослаштирилган идорани ташкил этиш муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан Бош котиб Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси Ўзбекистонда янги ташкил этилган агентлик билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунида Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси билан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни фаол ва ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, Т.Норбоева Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар билан ишлаш бюроси директори Мария Хелена Андре билан мулоқот ўтказди.

Суҳбат чоғида муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини жорий этиш, норасмий бандликка қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини асосий даромад билан таъминлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Т.Норбоеванинг таъкидлашича, Бюро бугунги кунда турли давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам меҳнат муносабатлари соҳасидаги долзарб институционал муаммоларни ҳал этилишида фаол кўмак кўрсатмоқда. Натижада Ўзбекистон касаба уюшмалари ва бошқа тузилмалар билан минтақавий ва глобал ҳамкорлик ривожланмоқда.

ХМТ Бюроси раҳбари ҳар қандай модернизация жараёнида меҳнаткашлар ҳуқуқлари, уюшмалар эркинлиги, муносиб меҳнат ҳуқуқини кафолатлашнинг асосий тамойилларига таянган иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш устувор бўлиши зарурлигини таъкидлади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА