Ҳар куни дунё бўйича юз минглаб одам донор қонига эҳтиёж сезади. Айниқса, онкологик, гематологик касалликларга чалинган инсонлар, бахтсиз ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган ва мураккаб операцияларга муҳтож беморлар ҳаётини сақлаб қолишда қон муҳим восита саналади. Донорлик эса қон ва унинг компонентларига муҳтож инсонлар учун беғараз кўмакдир.

2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Шундан буён ҳар йили «14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни” сифатида кенг нишонланади. Жумладан, юртимизда ҳам!

Таъкидлаш лозимки, бугун мамлакатимизда беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, қон қуйиш станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Айни пайтда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” ИИЧК, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлимларида қон ва унинг таркибий қисмлари йиғилмоқда.

– ЖССТ тавсияларига кўра, аҳолини қон таркибий қисмлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони 1000 нафар аҳолига камида 10 нафар ёки аҳолининг 1 фоизини ташкил қилиши керак, – дейди Республика қон қуйиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидов. – Юртимизда бу кўрсаткич ўтган 2022 йил 1000 нафар аҳолига қарийб 7,5 нафарни ташкил этди. Натижада ўтган йили 56030,0 литр эрмасса, 50996,7 литр плазма, 1598,8 литр тромбоконсентрат ва 4256 доза криопретсипитат йиғилди.

Албатта, бу кўрсаткични янада ошириш мумкин. Бунинг учун юртимизда сайёр донорликни ривожлантириш жуда муҳим.

Айни шу мақсадда жорий йил Республика қон қуйиш марказининг ҳудудлардаги қон билан ишлаш хизмати муассасаларига 13 та кўчма донорлик комплекси – махсус жиҳозланган “Isuzu” автобуслари топширилди.

Мазкур автобуслар махсус каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.

ЎзА