Халқимиз картошкани “иккинчи нон”, деб атайди. Шунинг ўзи бу маҳсулотнинг кундалик турмушимиз, таомномамизда қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Бу озиқ-овқат истеъмолда муҳим ўрин тутади. У тўйимли маҳсулот бўлиб, таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, В1, В2, РР, С, D, K, E, A витаминлари, натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, ёд каби элементлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 майдаги «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Республикада истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида амалга оширилган ишлар картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондиришга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат билан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилган.

Биргина Сурхондарё вилоятида 350,4 минг тонна картошка етиштирилади, 2,8 миллион нафар аҳоли истеъмоли учун бир йилда 200 минг тонна картошка талаб этилади. Аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжи +150,4 минг тонна (175%)га қондирилади.

2023 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари ва бошқа ердан фойдаланувчиларнинг экин майдонларида асосий экин сифатида 7,0 минг гектарга ҳамда аҳоли томорқа ерларининг 8,5 минг гектарига картошка экилди.

Қўшимча имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Жарқўрғон туманида 7,5 минг гектар, Қумқўрғон туманида 12,5 минг гектар, жами 20 минг гектар яйлов ерлари фойдаланишга киритилиб, картошка экинларини экиш бўйича таклифлар берилган.

Ушбу таклифга асосан замонавий усулда картошка етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ҳамда Корея Республикасининг «International Seed Culture Center Co LTD” компанияси мутахассиси Ким Со-Ман билан учрашув ташкил этилди. Корея технологияси асосида серҳосил янги навларни вилоят тупроқ иқлими шароитига мослаштириш ҳамда эртаки муддатда картошка етиштириш билан боғлиқ масалалар бўйича келишув амалга оширилди.

Амалий ишлар

Яйлов ер майдонларини ўзлаштириш орқали “Оқтепа сув омбори”даги 125 миллион куб метр сув захирасидан тўлиқ фойдаланиш йўлга қўйилади.

Бунда Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида “Помир Agroklaster” МЧЖ томонидан сув таъминотини яхшилаш мақсадида Хитой давлатининг “Shanghai Kaiquan pump Group Co LTD” компанияси томонидан 1,5м3/секунд қувватли 10 дона насос ўрнатиш бўйича лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ушбу ер майдонларининг “Google Earth” харитаси ишлаб чиқилди ва сув билан таъминлаш учун Жарқўрғон туманида “Оқтепа сув омбори”дан кўтарма насос станцияси ҳамда 20 км. ирригация тармоғи қуриш ишлари бошланди.

Мазкур ер майдонларини ўзлаштириш учун 42 дона (36 та ҳайдов техникаси ва 6 та бульдозер) юқори унумли замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келиниб, 6 минг гектар ер майдонини экин экишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Эришиладиган натижа

Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида жами 20 минг гектар янги ер ўзлаштирилиши ҳисобига 300 минг тонна картошка етиштирилади ҳамда 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Аҳоли эҳтиёжидан ташқари 365 минг тонна картошка Тошкент шаҳар ва вилоятларга етказиб берилади.

Мутахассисларининг маълум қилишича, Амударёдан Аму-Занг-1, Аму-Занг-2 насос станцияси орқали кўтариб бериладиган сув билан Аму-Занг канали орқали Оқтепа сув омбори тўлдирилади. Омбор 1981 йилда қурилган, унинг фойдали ҳажми 100 млн. м3 ни ташкил қилади.

1 гектардаги картошкани пишиб етилгунга қадар анъанавий усулда суғориш учун 14,6 минг.м3 сув, 20 минг гектар майдондаги картошка учун 292 млн. м3 сув талаб этилади.

Режалаштирилаётган 20 минг гектар картошкани етиштириш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши натижасида 40 фоиз сув ресурслари иқтисод қилиниб, 292 млн. м3сув ўрнига 176 млн. м3 сув талаб қилинади.

АТБ Агробанк ва Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида пилот лойиҳа сифатида “Помир агрокластер” МЧЖга Аму-Занг-1 насос станциясидан 1 та, Аму-Занг-2 насос станцияси 2 та насос агрегатини ҳамда Оқтепа сув омборини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериши таклиф этилади.

Картошка дунё бўйича кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Шунинг учун уни ҳосилдан ҳосилгача ҳар хил усулларда сақлаш ва сақлаш даврида таркибидаги биологик фаол моддаларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан ўзгариши унинг истеъмол қийматига салбий таъсир этади.

Сақлаш даврида бу маҳсулот учун оптимал шароит яратиш ҳамда юқори истеъмол хусусиятларини сақлаш ҳозирги давр илмий тадқиқот ишларининг асосини ташкил этмоғи лозим.

Маълумот учун, соҳадаги ислоҳотлар ва инновацион усуллар самарасида юртимизда 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган. 2024 йилга бориб 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

Б.Мелиқулова, ЎзА