Президентимиз Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Паркент туманидаги «Марказий» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ маҳалла фаолиятининг ташкилий асослари, жамият ҳаётидаги роли мустаҳкамланмоқда.
«Марказий» маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино, маҳалла гузари барпо этилган. Бу ерда йиғин ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилган, улар компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонасида маҳалладаги жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиш имкониятини берувчи монитор ўрнатилган.
Маҳалла тўғрисида қонун бор, шароит яратилган, лекин маҳалла раисининг жавобгарлиги етарли даражада белгиланмаган, қуйи тизим йўқ эди, деди давлатимиз раҳбари. Энди маҳалла фуқаролар йиғинига катта ваколат ва имкониятлар берилди. Маҳалла раиси Президентнинг вакили, ўз ҳудудининг эгаси бўлиб, ҳар бир хонадондаги ҳолатни, одамларнинг талабларини билиши ва унга кўмак бериши керак.
Шу ерда ички ишлар тизими томонидан олиб борилаётган профилактика ишлари, «Хавфсиз дам олиш» концепцияси ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз Тошкент вилояти, жумладан, Паркент туманида туризмни ривожлантириш учун улкан салоҳият борлиги, бунинг учун дам олувчилар ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, одамларни шу йўналишда оилавий тадбиркорликка ўргатиш кераклигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев маҳалла гузарида фаолият юритаётган тикувчи ва касаначи аёллар билан суҳбатлашди.
Туманда 2 сув омбори қуриш, томчилатиб суғориш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, токзорлар ташкил этиш, Паркент шаҳрининг бош режаси, кўп қаватли уй-жойлар, йўллар, бозор, истироҳат боғи ва бошқа объектлар барпо этиш лойиҳалари намойиш этилди.
Президентимиз Паркентсой ва Қизилсой сув омборларининг туман иқтисодиёти, аҳоли даромадларини оширишдаги аҳамиятига урғу берди. Ушбу сув омборлари қурилиши натижасида 5 минг 800 гектар ер мунтазам сув билан таъминланади. 3 минг 900 гектар лалми ерга сув чиқарилади, 1 минг 900 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади.
Паркент эркин иқтисодий зонасини ташкил этиб, 100 миллион доллар инвестиция киритиш, туман имкониятлари ва бозор талабидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш йўналишларини белгилаш, шу билан бирга, ерости бойликларини ўзлаштирувчи заводлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, вилоят иқтисодиёти учун кадрларни мақсадли тайёрлаш, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандликни ошириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари Паркент тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Аминжон ота Муҳаммаджоновнинг боғида бўлди.
74 ёшни қаршилаган Аминжон ота умр йўлдоши Ихтибор ая билан беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли.
Аминжон ота фарзандлари билан «Зуҳра она плюс» хусусий корхонасини ташкил этган. Маҳалладаги қарийб 3 гектар ерда манзарали дарахтлар ва буталар экиб, боғ яратган.
Шавкат Мирзиёев боғни кириб кўрди. Шундай ажойиб боғ яратгани, хориждан кўчатлар олиб келиб, юртимиз шароитида кўпайтираётгани учун Аминжон отага миннатдорлик билдирди.
Одамнинг қўли гул дегани мана шу, деди давлатимиз раҳбари. Бу боғ Ватанни севишнинг, меҳнатсеварликнинг яққол намунаси. Отахоннинг тажрибасини ўрганиш, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш керак. Бу киши қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим муассасаларида дарс берсин, одамлар келиб бу ишларни ўргансин.
Президентимиз боғда маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, Тошкент вилоятини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган режалар ҳақида сўз юритилди.
Нуронийлар халқ билан мулоқот қилиб, инсон манфаатларини таъминлашда намуна бўлаётгани, ҳудуларни ривожлантириш, одамлар турмуш фаровонлигини оширишга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилаётган замонавий логистика марказида бўлди.
«Greenfoodtrade» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган мазкур марказ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. 2018 йилнинг учинчи чорагида тўла қувват билан ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу лойиҳа мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Қирқ гектардан ортиқ майдонни эгаллаган мажмуада 5 кросс-докинг, гипермаркет, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш ва сақлаш омбори, 10 минг тонналик музлатгич, 150 ўринли меҳмонхона қурилади.
Мазкур мажмуа ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу ерда Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Қибрай туманидаги Агрологистика маркази мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ва қадоқлаш, иссиқхона, музлатгич, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ўз ичига олади. 2018 йилнинг биринчи ярмида ишга тушириладиган марказда 500 га яқин иш ўрни яратилади.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан Оҳангарон туманидаги «Sardorkom» масъулияти чекланган жамиятида олмадан шарбат тайёрлаш йўлга қўйилади. Паркент туманида ташкил этиладиган корхонада мева-сабзавотни музлатиш, қадоқлаш ва сақлаш мажмуаси, замонавий иссиқхона барпо этилади.
Ерлардан унумли фойдаланиш керак. Бугунги замон тўғри келган нарсани эмас, фойда келтирадиган, бозори чаққон маҳсулотлар етиштиришни талаб қилмоқда.
Тижорат банклари томонидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Лойиҳаларда қоғоз маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қадоқлаш учун гофрокартон қутилар ишлаб чиқариш, паррандачилик соҳасини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш кўзда тутилган.
Тошкент вилояти туманларида рентабеллиги ва ҳосилдорлиги паст бўлган суғориладиган майдонларга экиладиган экин турларининг схематик харитаси намойиш этилди.
Вилоят қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мониторингдан ўтказиш ишларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бунда квадрокоптер ёрдамида ер майдонларини ўлчаш, маълумотларни электрон базага киритиш, ер майдонларини аэрофотосъемка қилишга эътибор қаратилган. Ер майдонларини АН-2 самолёти ва квадрокоптер ёрдамида ўлчаш натижалари таққосланди. Маълум бўлишича, 100 гектар майдонни самолёт ёрдамида 20 соатда ўрганилса, квадрокоптер қўлланилганда худди шу ҳажмдаги ишларга бор йўғи 4 соат сарфланар экан. Бундан ташқари, экинларга агродрон, ОВХ пуркагичи ва самолёт ёрдамида ишлов беришнинг қиёсий кўрсаткичлари ҳам намойиш этилди. Иш унумдорлигини оширишда замонавий агродронларнинг имкониятлари юқори баҳоланди.
Бу каби замонавий қурилмалар қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга, деди Шавкат Мирзиёев. Агар соҳанинг эртанги кунини ўйласак, бундай замонавий тизимга тезроқ ўтишимиз керак. Дронлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, бу борада қўшма корхона тузиш ва кадрлар тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
2017-2018 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш инновацион лойиҳаси ҳам кўрсатилди. «Ўзагротехсаноатмашхолдинг» компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари намойиш қилинди. Компания қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, машина-трактор парклари ва лизинг хизматларини ўзида жамлаган. Лойиҳалардан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ва истиқболдаги режалар ўрин олган.
Мамлакатимизда беларуслик инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Президентимиз ушбу техникалар турларини кўздан кечирди. Инвесторлар билан мазкур тизимни янада такомиллаштириш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида тақдимот этилган янги лойиҳалар вилоят иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.