Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали иш ўринларини яратиш мақсадида Қорақалпоғистоннинг ҳар бир тумани республикамиз вилоятларига бириктирилган. Қонликўл туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига масъул этиб Сирдарё вилояти белгиланган.

Йиллар силсиласида тобланган бугунги Қонликўлда янги ҳаёт, янги имконият эшиклари очилмоқда. Бу ерда кейинги икки йилда аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган шароитларни яхшилашга қаратилган ишлар кўлами ошган. Қайд этиш лозимки, ҳудуд ободлиги, эл фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларда сирдарёликлар ҳам фаол қатнашмоқда. Маҳаллий масъуллар билан ҳамкорликда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, салоҳияти ва имкониятлари ўрганиб чиқилди.

Қонликўл асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуд эканлигини инобатга олиб, янги ерларни ўзлаштириш, сув олиб келишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунга қадар 358 километр ирригация тармоқлари ва коллекторлар тозаланди. Иккита янги насос станцияси ишга туширилиб, 53 гектар ер майдони ўзлаштирилди.
Шунингдек, боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, Арзимбетқўм, Қосжап, Қонликўл ва Жанақала ОФЙларда яшовчи «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга 1 сотихдан ер майдонида иссиқхона қуриб берилди. Шу орқали, 100 хонадоннинг уй шароитида қўшимча даромад олиш имконияти яратилди.

Арзимбетқум ОФЙда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 20 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда 3,5 миллион дона қаламчалар экилиб, 5 гектар майдонда Сирдарё-Қонликўл “Дўстлик боғи” барпо этилди. Эътиборлиси, боғ қатор ораларига қовун экилиши қорақалпоқ диёрида қовунчиликда “Сирдарё тажрибаси”ни кенг оммалашишига хизмат қилмоқда.

Ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида Маданият ОФЙда икки халқнинг тарихий орзу-интилишларини ўзида уйғунлаштирган, қурилиш архитектураси жиҳатидан замонавий ва миллий меъморий ечимга эга “Сайхун ва Жайхун» маънавият ва маърифат маскани бунёд этилди. Чекка маҳаллаларда замонавий ҳаммомлар қурилди. Янги қувурлар тортилиб, ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Таъмирталаб кўчаларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди.
Сирдарёлик ташаббускор тадбиркорлар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 573,9 миллиард сўмлик дастлабки 14 лойиҳа шакллантирилди. Туман аҳолисининг ижтимоий муҳофазаси ҳам назардан четда қолгани йўқ, албатта. Ушбу тоифадаги оилалар учун турли маданий тадбирлар, саёҳатлар уюштириш билан бирга, уларни вилоятдаги сиҳатгоҳларда соғломлаштириш чоралари кўрилди. Қисқача қилиб айтганда ёрдам кўрсатиш кўлами кенг. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Айни кунда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, туман ва шаҳар ҳокимлари, тадбиркор-фермерлар, маданият ва санъат ходимлари, нуронийлар ҳамда бир гуруҳ ёшлар Қонликўл туманида бўлиб турибди. Ташрифнинг биринчи куни давомида маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етти хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

«Жайҳун» ўйингоҳида «Янги Ўзбекистонда маданиятимиз ва дўстлигимиз абадий бўлсин» шиори остида бўлиб ўтган концерт дастурида маданиятлар бирлашди, дейиш мумкин. Концерт аввалида қонликўллик ёшлар етакчиларига фаолияти давомида фойдаланиш учун Сирдарё аҳли номидан туҳфа сифатида умумий қиймати 100 миллион сўм бўлган ноутбук, овоз кучайтиргич ва спорт анжомлари тантанали топширилди. Эл суйган санъаткорларнинг халқларимиз дўстлигини тараннум этувчи чиқишлари, дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Сирдарё вилояти вакилларининг Қорақалпоғистонга сафари давом этмоқда.

Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА