Солиқ қўмитасининг маълум қилинишича, жорий йилнинг 4 ойи давомида энг кўп солиқ имтиёзи «UzAuto Motors» АЖ ва «Uzbekistan Airways» АЖга берилди.

Қайд этилишича, 2023 йил январь-апрель ойларида ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи 74 638 та юридик шахс томонидан 12,2 трлн. сўмдан ортиқ солиқ тўланган.

Энг кўп солиқни (1,51 трлн. сўм) “Ўзбекнефтгаз” АЖ тўлаб, 20,9 млрд сўм солиқ имтиёзига эга бўлган. Ҳисоботда келтирилишича, мамлакатда машина ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «UzAuto Motors» АЖ давлатга 305,5 млрд. сўм солиқ тўлаган. Унга 198,6 млрд. сўм солиқ имтиёзи берилган.

Шунингдек, мазкур вақт давомида хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи 161 543 та юридик шахс томонидан 6,3 трлн. сўмдан ортиқ солиқ тўланган.

Улар орасида энг кўп солиқ тўлаган (338,6 млрд. сўм) корхона «Uzbektelecom» АЖ бўлиб, у 63,9 млрд. сўм солиқ имтиёзини олган. Шу қаторда «Uzbekistan Airways» АЖ 215,1 млрд. сўм солиқ тўлаб, 508 млрд. сўм солиқ имтиёзига эга чиққан.

Ш. Маматуропова, ЎзА