Қатар – Ўзбекистон ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Қатар ахборот агентлиги – QNA хабар беришича, ушбу мамлакат савдо палатаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди.
Бош директорнинг ҳукумат билан алоқа ва қўмиталар билан ишлаш бўйича ўринбосари Али Шарбак Ал-Мансурийнинг Агентлик директори Мурод Мирзаев билан учрашувида иқтисодий ва савдо алоқалари, мамлакатларимиздаги инвестиция муҳити ва мавжуд имкониятлар кўриб чиқилди, ишбилармонлар ўртасида ўзаро сармоявий имконият, шерикликни ривожлантириш мумкин бўлган муҳим тармоқлар таҳлил этилди.
Жаноб Ал-Мансурий икки давлат ўртасидаги муносабатни юқори баҳолаб, хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш, ўзаро сармоя ҳажмини ошириш орқали савдо айланмасини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбиркорларни бирлаштирувчи Қатар –Ўзбекистон бизнес форумини ташкил қилиш имконияти кўриб чиқилди.
Қатар тадбиркорларининг ҳамкорликка интилиши кучли экани таъкидланди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА