Боку шаҳрида “Яшил” иқтисодиёт, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш орқали хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда миллий парламентларнинг роли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Озарбайжон Милли Межлиси томонидан ЕХҲТ Парламент Aссамблеяси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда ЕХҲТ минтақасининг 27 мамлакати парламентлари аъзолари, халқаро ташкилотлар қатори Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбир “Барқарор ривожланиш ва иқтисодиётни тиклашда “яшил” концепция ва технологияларнинг ўрни” ва “Барқарор ривожланиш учун халқаро транспорт ва савдони ишга солган ҳолда иқтисодиётни рағбатлантириш орқали таъминот занжирлари барқарорлигини мустаҳкамлаш” мавзуларидаги иккита панель сессияси доирасида ўтказилди.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш қатор муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши, “яшил” технологиялар эса атроф-муҳитни муҳофаза қилишда энг самарали ечим экани, бугунги кунда булар энг мақбул ечимлардан бири эканига эътибор қаратилди.
Конференция доирасида миллий парламентлар аъзолари халқаро транспорт ва савдони енгиллаштириш орқали таъминот барқарорлигини оширишнинг долзарб масалалари, шунингдек, барқарор ривожланиш ва иқтисодиётни тиклашда “яшил” концепция ва технологияларнинг роли муҳокама қилинди.
Ҳамкор мамлакатлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш доирасида қўшма ташаббусларни илгари суришлари лозимлиги, бунда “яшил” иқтисодиёт келажакдаги инқирозларга нисбатан чидамлироқ бўлиш имкониятини кенгайтириши қайд этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари, хусусан, Сенат аъзоси Қобил Турсунов Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, хусусан, “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтди. Иштирокчиларга “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш ва “яшил” ўсиш тамойилларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.
Анжуман якунида иқтисодий ва экологик муаммоларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА