– Дунёдаги геосиёсат тобора қалтислашиб борсада, Россия камбағалликни қисқартириш дастурига оғишмай амал қилиб келмоқда. – Россия Меҳнат вазирлиги департаменти бош директори Андрей Галкиннинг бу сўзлари форум иштирокчилари томонидан олқишланди. Биз рўйхатга олинган 9 миллион аҳолига кўмак беришимиз керак. Бунинг учун Россия шароитидан келиб чиқиб 41 йўналишда лойиҳалар қабул қилинган.

Дарҳақиқат, форумда энг кўп тилга олинган фикр – дунёга тинчлик ҳам керак, эҳтиёжманд аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳам лозим, деган иддао бўлди. Таҳлил, таклифлар бир-бирини инкор этмасада, ҳар бири ўзига хос. Масалан, БМТнинг ХХРдаги ваколатли вакили Сиддхарт Чаттердж жаноблари Хитой қуруқликнинг 9 фоизига эга бўлган ҳолда ер юзи аҳолисининг 20 фоизини ташкил этади. Бундай номутаносибликда ҳам халқни камбағалликдан чиқариш катта ютуқдир. Уни нафақат ШҲТ доирасида, балки БМТ майдонида кенг ёйиш керак, деди.

Ёки Хитой туризм ишлари вазири Лиу Шижун ички туризмни ривожлантириш билан қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш, инфратузилма яратилиши, янги иш ўринлари ташкил этилиши каби муҳим масалаларга ечим топилади, деди. Ҳозир Хитойда туризм қишлоқлари сони ўн мингдан ошганини таъкидлади у.

Пекин Университети профессори Жанг Жи Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлигини алоҳида эътироф этиб, қисқа вақт ичида бир миллион одам камбағалликдан чиқарилгани давлат раҳбарияти тўғри йўлдан борганлигини кўрсатади, деди.

Форумда яна элчилар, вазирлар, олимлар сўзга чиқиб ўз мамлакатлари мисолидаги тажрибалар билан ўртоқлашдилар. Иштирокчиларнинг таъкидлашларича, кейин яна бир қизиқарли маъруза бўлди. Бу Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори Мирзоҳид Убайдуллаевнинг чиқиши бўлди. У Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда ҳоким ёрдамчилари институти тажрибаси ҳақида гапирди.

– Бу вазифага мамлакатимиздаги 9 мингдан зиёд ўрта амалдор ва мутахассислар тайинланди, – деди Мирзоҳид Убайдуллаев. – Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, уларга кўмаклашиш жамғармаси тузилди. Ҳоким ёрдамчилари биринчи босқичда 7 миллион оила иқтисодиёти ҳақида маълумотлар базасини яратди. Улар уч тоифага бўлиниб, ҳолатига қараб ижтимоий ҳимояга олинди.

Улар касбга ўргатилди, бунинг учун ўқув курслари очилиб, тадбиркорликка шароит яратилди. Имтиёзли кредит, субсидиялар ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан берилди. Субсидия 20 йўналишда ҳар бир одамга 1000 АҚШ долларга тенг миқдорда ажратилди. 2022 йилда маҳаллани ўрганиш натижасида ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра, 425 минг аҳоли, жумладан 75 минг ишсиз субсидия олди. Икки юз минг одам янги касб эгаси бўлди. Айнан қишлоқ маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари хулосаси билан 200 минг гектар ер майдони 30 йилга ижарага ажратиб берилди…

Мирзоҳид Убайдуллаев ҳоким ёрдамчилари кечаю-кундуз маҳалла аҳолиси билан бирга экани, уларнинг ютуғини ҳам, муаммосини ҳам чуқур ўрганганини ва юқори натижага эришган ёрдамчилар масъул вазифаларга тайинланаётганини ҳам гапириб берди.

Натижа шуки, – деди у сўзининг охирида, – бир йилда Ўзбекистонда бир миллион одам камбағалликдан чиқарилди.

Қирғизистон, Непал, Туркия вазири, элчилари, Хитойлик олимлар Ўзбекистондаги “ҳоким ёрдамчиси” институти камбағалликни қисқартириш жараёнидаги янги, ижобий ҳолат деб баҳоладилар.

Шахсан мен учун “ҳоким ёрдамчиси”нинг рўйхатга олинган эҳтиёжмандлар билан бир ҳаводан нафас олиб кечаю-кундуз бирга экани янгилик бўлди, – деди Хитой Фанлар Академияси хорижий ислоҳотларни ўрганиш маркази директори профессор Би Цзен. – Бу услуб ШҲТ лойиҳаси доирасида оммалаштиришга муносиб деб ўйлайман.

Ҳа, дунёга тинчлик ҳам керак, камбағалликни қисқартириш ҳам. Хитой бошлаб берган тажриба бугун форумда таъкидланганидек, Осиё бўйлаб кезмоқда.


Муҳаммаджон Обидов

Янлин, Хитой