Мамлакатимиз боксчилари Польша ва Россия Федерациясида ўтказилган халқаро турнирларда умумий ҳисобда муносиб натижаларни қайд этди.

Россиянинг Хабаровск шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда ҳамюртларимиз 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Польшанинг Пултуск шаҳри рингларида кечган жангларда терма жамоамиз аъзолари 6 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлган ҳолда, 20 та жамоа орасида  1-ўринни эгаллади.

Хабаровскда ташкил этилган турнир давомида терма жамоамиз аъзоларидан Сабина Бобоқулова, Нигина Ўктамова, Азиза Зокирова олтин, Феруза Казакова, Ситора Турдибекова, Навбаҳор Ҳамидова, Алишер Аюбов, Одилжон Аслонов кумуш, Ахтамов Қодирбек, Жавлонбек Йўлдошев, Аман Консбеков, Амиршоҳ Самадов бронза медалларига сазовар бўлди.

Польша рингларида ўтган муросасиз баҳслар якунида боксчиларимиздан Асилбек Жалилов, Дилшод Абдумуродов, Адҳам Муҳиддинов, Ҳавасбек Асатуллаев, Тўрабек Хабибуллаев, Нусратбек Тоҳировга  олтин, Нурислом Исмоилов ва Раҳматилло Бойматовга кумуш, Самандар Жалоловга эса бронза медали насиб этди. Пултуск шаҳрида ўтказилган халқаро турнир жангларида рақибларини катта устунлик билан мағлуб этган истеъдодли боксчимиз Адҳам Муҳиддинов мусобақанинг энг яхши спортчиси сифатида эътироф этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур иккита халқаро мусобақада қўлга киритилган 21 та медаллар шодаси, эришилган муваффақиятлар жорий йилда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ҳамда келгуси йили бўладиган Париж-2024 Олимпиадаси саралаш мусобақаларида ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.

Т. Рўзиев, ЎзА