Бугун, 28 апрель куни ёзги Осиё ўйинлари ўтказиладиган Ханчжоу шаҳрининг Xioshan Linpu Gymnasium мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланди.

Чемпионатнинг дастлабки кунида 8 та вазнда баҳслар бўлиб ўтмоқда. Эркаклар, 66, -81, -90, +100 килограмм вазнларда, аёллар 57, 63, 70 ва +87 кило оғирликда ғолиблик учун беллашмоқда. Мусобақаларда 19 та мамлакатдан 80 дан ортиқ курашчи иштирок этмоқда.

Қитъа чемпионати беллашувлари бошланиши олдидан XII Осиё чемпионатининг расмий очилиш маросими ташкил этилди.

Маросимда иштирок этган Хитой миллий спорт бошқаруви раҳбари ўринбосари, XIX Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси аъзоси Лиу Ченглианг, Осиё кураш конфедерацияси президенти Комил Рўзиев иштирокчиларни қутлаб, кураш спортининг халқаро майдонда оммалашишида Хитойда ташкил этилаётган қитъа чемпионатининг ўзига хос аҳамияти борлигини эътироф этди.

Бевосита мусобақалар хусусида тўхталадиган бўлсак, чемпионатда қатор якка кураш спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа биринчиликларининг ғолиб ва совриндорлари, Олимпия ўйинларининг иштирокчилари қатнашаётгани ҳар бир вазндаги баҳслар янада муросасиз ўтишини таъминлаши шубҳасиз.

Жумладан, кураш ватани – Ўзбекистоннинг таниқли полвонлари Муҳсин Ҳисомиддинов, Шермуҳаммад Жандриев, Умид Эсонов, Артём Штурбабинлар сафида эронлик Муҳаммад Муҳаммад, қирғизистонлик Бекболот Тугтогонов, туркманистонлик Тежен Теженов каби номдорларнинг қатнашаётгани қайд этилган.

Беллашувларни бошқариб боришда 30 дан зиёд халқаро тоифадаги ҳакамлар гуруҳи фаолият кўрсатаётган бўлса, 40 нафарга яқин ҳакамлик тоифасига имтиҳон топшираётган иштирокчилар уларга ёрдам кўрсатишади. Улар орасида Хитой кураш ассоциацияси вакиллари кўпчиликни ташкил этмоқда.

Ханчжоу кураш гиламларидаги мусобақалар Хитой Халқ Республикасининг 50 га яқин телерадиоканаллари, ахборот агентликлари ва интернет нашрлари орқали кенг ёритилмоқда. Бу эса миллий спорт туримиз кураш орқали қадриятларимиз, урф-одатларимиз оммалашаётганидан далолат.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда давом этаётган қитъа чемпионати баҳсларидан кейин Ханчжоуда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Kurash: World Series Pro” турнирининг Осиё қитъаси саралаш босқичи бўлиб ўтади.  Мусобақалар 30 апрелга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА