Хабар берганимиздек, айни кунларда пойтахтимизда бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказиладиган “Ҳумо арена” муз саройида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов етакчилигидаги мутахассислар аренада олиб борилаётган тайёргарлик жараёни билан танишди.

Танишув асносида мутахассислар белгиланган ишлар ўз муддатида якунланиши лозимлигини, меҳмонлар ва томошабинлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлашди.

Айтиш лозим, ҳозирда аренада монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг дунёнинг энг кучли боксчиларини аниқлаб берадиган ринглар жойлаштирилади. Жаҳон чемпионлиги учун жанглар 2 та рингда бўлади.

Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими 30 апрель куни бўлиб ўтади. Тайёргарлик жараёнида иштирок этаётган ишчи-хизматчилар билан суҳбат давомида чемпионат маросимлари дастури ва бошқа йўналишлар муҳокама қилиниб, иш самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Т.Рўзиев, ЎзА