Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида жорий йилнинг 22-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ҳамда пара каноэ бўйича қитъа чемпионатларига тайёргарликка бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда иштирок этган турли вазирлик ва давлат ташкилотларининг мутасадди ва мутахассислари мамлакатимиз халқаро спорт мусобақалари ўтказиладиган давлатлардан бирига айланиб бораётганини таъкидлади. Биргина апрель ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистонда бир эмас, 4 та спорт тури бўйича чемпионатлар ташкил этилади.
Самарқандда эшкак эшиш спорт тури жамоалари, Тошкентда енгил атлетика, ўқ отиш вакиллари қитъа чемпионлиги учун баҳслашса, апрелнинг сўнгги кунидан эътиборан Тошкент дунё боксчиларини жаҳон чемпионатига йиғади.
Йиғилишда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича қитъа чемпионатига тайёргарликнинг бориши тўғрисида Ўзбекистон байдарка ва каноэ федерацияси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Самарқанд вилояти спорт мутасаддиларининг ахборотлари тингланди.
Шундан сўнг ушбу нуфузли мусобақаларда иштирок этадиган хорижий спорт жамоаларини кутиб олиш, уларни Тошкентдан Самарқандга кузатиб қўйиш, меҳмонхоналарга жойлаш, иштирокчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш, мусобақалар ўтадиган спорт мажмуаларида, спортчи ва мураббийлар, жамоа вакиллари жойлашадиган биноларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари хусусида вазирлик ва идора вакилларининг фикрлари, таклифлари тингланди.
Муҳокамалар якунида ҳар бир йўналиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш, мусобақалар ва мусобақалар теграсидаги тадбирларда чет эллик меҳмонларга халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва маънавиятини кўрсата билиш вазифалари муҳим экани таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА