Бугун, 19 апрель куни УЕФА Чемпионлар лигасининг 1/4 финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтади.

Германиянинг Мюнхен ва Италиянинг Милан шаҳарларида ўтадиган учрашувлар якунида турнирнинг сўнгги ярим финалчилари аниқ бўлади.

Германияда «Манчестер Сити» «Бавария» билан, Италияда «Интер» Португалиянинг «Бенфика» жамоаси билан куч синашади.

Айтиш лозим, бугун Миландаги «Жузеппе Меазза» стадионида ўтадиган ўйинда меҳмонларнинг зафар қучиб, кейинги босқичга чиқиш имконияти паст. Боиси, биринчи ўйинда миланликларга 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. «Манчестер Сити» – «Бавария» ўртасидаги биринчи ўйинда эса инглизлар 3:0 ҳисобида ғалабага эришганди.

Кеча ўтказилган Чемпионлар лигаси 1/4 финалининг жавоб ўйинида «Реал» жамоаси «Челси»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Энди улар бугун Мюнхенда ўтадиган «Манчестер Сити» – «Бавария» қарама-қаршилиги ғолиби билан рўбарў келади.

Чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида ўтган кечанинг иккинчи ўйинида «Милан» – «Наполи» дурангга (1:1) имзо чекди. Биринчи учрашувда миланликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси уларга 1/2 финал босқичида «Интер» – «Бенфика» жамоаларининг омадлиси билан ўйнаш имконини бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, УЕФА Чемпионлар лигасининг 1/2 финал ўйинлари дастлабки ўйини 9 май куни, жавоб учрашуви 16 май куни ўтказилади. Финал баҳси эса 10 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк номли «Олимпия» стадионида ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА.