Замонавий бешкураш бўйича Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилоятида «Париж-2024» Олимпиадасига тайёргарлик бўйича ўтказилаётган халқаро ўқув-машғулот жараёнида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг маҳоратли спортчилари билан кечган назорат мусобақасида ҳамюртимиз Михаил Кокозиди 1-ўринни эгаллади.
Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, йиғин доирасида ўтаётган назорат машқлари спортчиларимизнинг натижалари ўсаётганини кўрсатмоқда.
Ўқ отиш йўналишида 4 босқичда 40 нафар атлет ўртасида ташкил этилган беллашувлардан бирида терма жамоамиз аъзоси Михаил Кокозиди барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Эътиборли жиҳати, мазкур назорат машқлари орқали мураббийлар штаби атлетларимизнинг психологик тайёргарлигини яна бир карра кўздан кечириб, «Париж-2024» Олимпиадаси саралаш мусобақаларида айнан қайси йўналишларда ишлаш зарурлигини белгилаб бормоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА