Хабар берганимиздек, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигидан Индонезия мосуво қилингандан кейин ФИФА мазкур чемпионатни қабул қиладиган мамлакат масаласида музокаралар олиб бораётган эди.
Куни кеча ушбу давлат номи маълум бўлди. Мулоқотлар натижасида жорий йил 20 май – 11 июнь кунлари ўтказилиши белгиланган Жаҳон чемпионатига Аргентина мезбонлик қиладиган бўлди. Мазкур мундиалга қуръа ташлаш маросими 21 апрель куни Швейцариянинг Сюрих шаҳрида ташкил этилади.
Ушбу чемпионатга қизғин ҳозирлик кўраётган Равшан Ҳайдаровнинг шогирдлари айни кунларда пойтахтимизда сўнгги ўқув-машғулотларда иштирок этмоқда.
Шундан кейин терма жамоамиз аъзолари Испанияда ўтказиладиган машғулотларга йўл олади. Ёш футболчиларимиз Европа яшил майдонларида кечадиган йиғин доирасида Бразилия (U-20), Доминикан Республикаси (U-20) ва Гибралтар (U-21) терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади.
Ҳамюртларимиз дастлабки ўйинни 22 апрель куни бразилияликларга, 25 апрелда Доминикан Республикаси ҳамда 27 апрель куни Гибралтар терма жамоасига қарши ўйин ўтказади.
U-20 терма жамоаси билан боғлиқ яна бир гап. Куни кеча Осиё футбол конфедерацияси юртимизда ўтган U-20 Осиё кубоги бўйича тиббий хулосасини тақдим этди.
Унга кўра, Ўзбекистон – Австралия учрашувидан кейинги допинг текширувда терма жамоамизнинг бир қатор футболчилари иштирок этган. Улар орасидан фақат миллий терма жамоамиз аъзоси Шаҳриёр Жабборовда таъқиқланган модда аниқланган. Ушбу текширув «А», яъни биринчиси ҳисобланиб, ундан сўнг «Б» қўшимча текширув ўтказилган. Айнан иккинчи текширувдан сўнг якуний қарор чиқарилган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти бошчилигида мазкур ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқиш юзасидан ички текширув бошланганини маълум қилди. Унда футболчи, тиббий қўмита мутахассислари, терма жамоа ҳамда клуб шифокорлари иштирок этмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра, Жабборов эҳтиётсизлик сабаб сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича якуний қарор ҳали эълон қилинмаган, дейилади ЎФА хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА