Бокснинг Олимпия ўйинларидаги мавқеини сақлаб қолиш мақсадида АҚШ ва Буюк Британия бокс федерациялари ташаббуси билан яна бир халқаро спорт федерацияси ташкил этилиши мумкин.

Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитасига қарашли insidethegames.biz сайти хабар тарқатди.

13 апрель куни мазкур ҳаракатга хайрихоҳ бўлган Европадаги бир қатор давлатлар миллий бокс федерациялари вакиллари бокснинг Олимпия дастуридаги ўрнини сақлаб қолиш мақсадида Халқаро бокс ассоциациясидан ажралиб чиққан Жаҳон бокс халқаро бошқарув органи ташкил топганлигини эълон қилиши кутилмоқда.

“Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро бокс ассоциацияси ўртасидаги келишмовчилик бокснинг «Париж–2024» ва «Лос-Анжелес –2028» ўйинларидаги ўрнини тобора хавф остида қолдирмоқда. Шундай мураккаб вазиятда Олимпия боксининг келажаги тўғрисида катта глобал ҳаракат бошланганлиги расман тасдиқланади”, дейилади ташаббускорларнинг баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-14 май кунлари Тошкентда бокс бўйича катталар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида АҚШ, Польша, Швейцария, Германия, Норвегия, Буюк Британия, Нидерландия, Ирландия, Чехия, Швеция, Канада, Украина бокс федерациялари қатнашмаслигини расман тасдиқлаган.

Халқаро бокс ассоциацияси пойтахтимизда бўладиган дунё биринчилигида 104 та давлатдан 640 нафардан ортиқ спортчи иштирок этишини маълум қилди.

 

Т. РЎЗИЕВ,

ЎзА