Кеча, 24 март куни тунда футбол бўйича миллий терма жамоамиз ҳамда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўртоқлик учрашувларида иштирок этди.
Сречко Катанец бош мураббийлигидаги миллий терма жамоамиз ФИФА кунлари доирасида Саудия Арабистонидаги йиғинда биринчи ўртоқлик ўйинини Боливия терма жамоасига қарши ўтказди.
Элдор Шомуродов киритган ягона гол эвазига ҳамюртларимиз 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Терма жамоамиз навбатдаги ўртоқлик ўйинида 28 март куни Жанубий Американинг Венесуэла терма жамоаси билан куч синашади.
Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги олимпиячилар жамоаси эса Марокашнинг Работ шаҳрида Кот-дʼИвуар олимпиячиларига қарши баҳс олиб борди. Ўйин нурсиз дуранг билан поёнига етди.
Эслатиб ўтамиз, «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмалари учун курашга ҳозирланаётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Марокашдаги ўқув-йиғин машғулотлари доирасида 22 март куни ўтган илк ўртоқлик учрашувида Того терма жамоасини 5:3 ҳисобида мағлуб этган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА