Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Қўшбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Менинг қуёшим» мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
80 ўринли янги давлат-хусусий шериклик асосидаги уй боғчага ҳозир 35 нафар бола қабул қилинган. Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун инглиз тили, гимнастика, таэквондо, рақс тўгараклари ташкил этилган.
– Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова. – Масалан, Қўнғирот туманининг Қорақалпоғистон овулида 25 ўринли «Орзулар ороли» уй боғчаси фаолият бошлади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги уй боғчалари Қўнғиротнинг бошқа маҳаллаларида, шунингдек, Хўжайли ва Тўрткўл туманларида ҳам ташкил этилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида 2018 йилни Қорақалпоғистонда “Мактабгача таълим йили” деб белгилаш ташаббусини илгари сурган эди. Шу муносабат билан жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида давлат-хусусий шериклик асосида 179 та, жумладан, Нукус шаҳрида 30 та болалар боғчасини янгидан ташкил этиш бўйича манзилли дастур тасдиқланди. Уларнинг 102 таси янгидан қурилади, 51 таси мавжуд биноларда ва 26 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.