Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Кун тартибидаги масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилмоқда.

Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституцияда аҳолининг барча қатлами манфаатлари инобатга олинди. Конституциявий қонун лойиҳасининг ижтимоий йўналтирилганлиги алоҳида аҳамиятга эга. «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган конституциявий тамойил муҳрланаётгани ва давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 бараварга ошаётир.

Жумладан, Конституция лойиҳасининг қатор меъёрларида камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилмоқда. Фуқаролар тиббий ёрдамнинг қонунда кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани қатъий белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат зиммасига аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.

 

М.Комилова,  

ЎзА