Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб эълон қилинди.
Ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида, кўпчилик учун муҳим бўлган иш ҳақидан даромад солиғи тўғрисида фикрларимни билдирмоқчиман. Маълумки, бугунги кунда иш ҳақидан даромад солиғи дифференциалланган шкала бўйича ундирилади. Бу албатта, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган.
Даромад солиғи ушланиш тартибини ҳаммаям билавермагани сабабли, мутахассис сифатида тушунтириш бераман.
Энг кам иш ҳақининг 5 баробаригача бўлган миқдордан 7,5 %,
5 баробардан 10 баробаргача бўлган миқдордан 16,5 %,
10 баробардан ошган қисмидан 22,5 %.
Бундан ташқари, Пенсия жамғармасига 8,0%,
касаба уюшмалари жамғармасига 1% ушлаб қолинади.
Жами 31,5 % ушланма.
Бу иш ҳақининг салкам учдан бир қисми.
Қадимги даврларда ҳам, хонликлар, амирликлар, қиролликлар бўладими, ҳар қайси даврларда ҳам ахолидан солиқлар, ўлпонлар йиғилган. Бу маблағлар ўша давлатнинг армиясини, мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, давлати бой, ривожланган, турмуш шароити фаровон давлатларда солиқлар ахоли топган даромадининг ўндан бир қисми миқдорида белгиланган. Яъни, деҳқонлар бир тонна буғдой етиштирган бўлса, давлатга юз килограм буғдой топширган. Мамлакати, халқи камбағалроқ давлатларда ахоли топган даромадидан тўртдан бир ҳиссасини давлатга солиқ сифатида топширган. Демак, энг кам солиқ 10 %, энг юқориси эса 25 %ни ташкил қилган.
Хориж тажрибасига назар ташласак,
Францияда беш юз евро миқдоригача олган даромадларидан солиқ ушланмайди. Ошган қисмидан 5%дан бошлаб солиқ олинади.
Россия ва Белоруссияда 13% (12% даромад солиғи, 1% пенсия фондига) солиқ ундирилади.
Хитойда 5% дан бошлаб солиқ ундирилади.
Эстонияда солиқ олинмайдиган миқдор ойига 500 еврони (йилига 6000 евро) ташкил қилади
Болгарияда 10% даромад солиғи ундирилади.
Қозоғистонда 10%дан 20%гача даромад солиғи олинади.
Иқтисодиётда энг кам иш ҳақи деганда бир оила(кўпгина давлатларда 4 киши)нинг яшаши, эҳтиёжларини тўлиқ қондириши ҳамда жамғариши учун етарли бўлган миқдор тушунилади. Бизда бу миқдор 172240 сўмни ташкил қилади. Яъни шунча миқдорда даромад топаётган инсондан солиқ ушланмайди. Демак, биз шу миқдордан барча эҳтиёжларимизни қондиришимиз керак. Дифференцияланган солиқнинг моҳияти шундаки, агар биз ўзимизга ва оиламизга етарли бўлган миқдордан 10 баробар ортиқ даромад қилаётган бўлсак, юқори ставкаларда солиқ тўлашимиз керак бўлади.
Менинг таклифим:
Иш ҳақидан даромад солиғини 9%, пенсия жамғармасига 1%, жами 10% ушланмани қўллаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сиз нима дейсиз? Таклиф ва мулоҳазаларингизни кутамиз.
Хамза Сариев, иқтисодчи