Қоҳирада куни кеча Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов маъруза қилди. Марказ раҳбари сўнгги йилларда иқтисодий соҳада Ўзбекистон-Миср муносабатлари фаол ривожланиш босқичига ўтганлигини таъкидлади. 2017 йилдан буён ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик фаоллашиб, ушбу йўналишга эътибор берилмоқда.
Шунингдек, Миср Президенти жаноб ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрдаги Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича қиймати 483 миллион долларлик савдо ва сармоявий келишувларга эришилгани қайд этилди.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда уч баробардан зиёд, 2017 йилда қарийб 10 миллион доллардан 2022 йилда 30,5 миллион долларгача ошди. Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти 16 баробарга ошган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти таркибига тўқимачилик маҳсулотлари, транспорт ускуналари ва хизматлари, шу жумладан, ҳаво транспорти хизматлари киради. Ўзбекистоннинг 2022 йилда Мисрдан амалга оширилган импорт таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, машина ва транспорт ускуналари ва хизматлар ўрин олган.
Инвестицион соҳадаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда мисрлик ишбилармонларнинг капитали иштирокида 29 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мисрнинг «Солифар» компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗда фармацевтика соҳасида (қиймати 20 миллион доллар) ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятида гепатит C препаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича (1,4 миллион доллар) Мисрнинг “One World Pharma” компанияси билан ишлар олиб борилмоқда. «Kapo Agri» компанияси билан Наманган вилоятида балиқчилик соҳасидаги лойиҳа бўйича музокаралар ўтказилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро савдо ва инвестицион кўрсаткичлари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар таҳлили натижасида ушбу соҳада ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд эканлиги қайд этилди.
«Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга ошириш ва 120 миллиард доллардан ортиқ қўшимча инвестициялар жалб этиш режалаштирилмоқда, – дейди Обид Ҳакимов. – Бугунги тақдимотда мисрлик йирик инвесторларга Ўзбекистондаги савдо-иқтисодий лойиҳаларда иштирок этиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, қулай муҳит юзасидан маълумотлар берилди. Бу эса унумдорлик ва экспорт имкониятларини оширади».
Шу билан бирга, 2026 йил охирига келиб, хусусий банкларнинг улуши банклар умумий активларининг 60 фоизига етказилиши, 2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизгача камайиши ва банк, молия ва телекоммуникация соҳаларидаги корхоналар учун даромад солиғи 15 фоизга туширилиши тўғрисида маълумот берилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан бугун ва эртага расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
ЎзА