Аҳоли саломатлиги ва соғлом миллат генофондини асраш ҳар бир давлат ва жамиятнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида ҳам аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган мақсад ва вазифалар белгиланган. Жумладан, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Шунингдек, Президентимизнинг тиббиёт соҳаси вакиллари билан юзма-юз ўтказган мулоқотлари якунида ҳам тиббиётнинг бирламчи тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини татбиқ этишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.
Айни кунларда эса, кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган 2023 йил — “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳага ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш, дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, 2023 йилда 18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касаллиги ва қандли диабет бўйича скрининг текширувлардан, 9 миллион нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва ўрта мактаб ўқувчиларини тиббий кўрикдан, онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида йилига 3 миллион нафар аҳолини скринингдан ўтказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, республика буйича 6-23 ойлик бўлган жами 1,2 миллион нафар бола микронутриент кукуни, 2-10 ёшдаги жами 6,3 миллион нафар бола эса гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, 5,9 миллион нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар поливитамин, темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.
Албатта, бундай тартибда аҳолини касалликлар хавф гуруҳидан келиб чиққан ҳолда саломатлигини назорат қилиш, улар саломатлигини асраш билан бир қаторда, минглаб хонадонлар кўнглига қувонч олиб киради. Боиси, бежизга доно халқимиз касалликни даволагандан унинг олдин олган афзал, дейишмаган. Фуқаролардаги касалликларнинг эрта аниқланиши уларни ортиқча сарсонгарчиликдан ва иқтисодий қийинчиликлардан ҳам халос этади.
Шу билан бирга, Давлат дастури лойиҳасида сўнгги вақтларда фуқароларимиз ва жамиятимиз фаолларининг хақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган дори-дармон воситаси ноқонуний савдосининг олдини олишга қаратилган қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, халқаро тажриба асосида дори воситаларини рецептсиз ва рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби ишлаб чиқилади. Болалар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишни тақиқлаш бўйича чекловларни жорий этиш масаласи чуқур ўрганиб чиқилади ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, фармацевтика соҳасида импорт маҳсулотлар ҳажмини ва таркибини оптималлаштириш мақсадида 300 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилади. Бунинг учун фармацевтика эркин иқтисодий зоналари фаолияти такомиллаштирилиб, маҳаллий шароитда биотехнологик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Болалар саломатлигини асрашдаги яна бир янгилик. Спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болалар дори воситалари билан бепул таъминланади. Шу билан бирга, эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болаларда нутқ процессорларини алмаштириш чоралари ҳам кўрилади.
Хулоса қилиб айтганда, бу йилги Давлат дастурида ҳам йил номидан келиб чиққан ҳолда аввало, инсон манфаатлари ва қадрини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Буни юқорида таъкидлаганимдек, биргина тиббиёт соҳасида жорий йил давомида амалга ошириладиган ишлар мисолида ҳам кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз.
Олтиной Мамирова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА