Қозоғистонда атом энергетикаси ривожлантирилади

205

Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонни атом энергетикаси соҳасида етакчи мамлакатга айлантириш мақсадида атом электр станциялари қурилиши жадаллашиши зарурлигини қайд этди.

– Биз икки, эҳтимол учта йирик станция қуришимиз керак, – деди у Остонадаги Лойиҳа идорасига ташрифи чоғида. – Мақсад сунъий интеллект ва рақамлаштириш фаол ишлайдиган, ривожланган атом энергетикасига эга мамлакат барпо этиш.

Тоқаев маҳаллий газетага берган интервьюсида республика учун қуввати кучли АЭС зарурлиги, яқин йилларда иккинчи ва учинчи шундай мажмуалар қурилиши бошланиши мумкинлигини қайд этган.

2024 йил 6 октябрь куни бўлиб ўтган, 63-66 фоиз иштирок таъминланган реферундумда 71,12 фоиз фуқаро АЭС қурилишини маъқуллади. Энергетика вазирлиги тадқиқотига кўра, Балхаш кўли яқинида, Олма-ота вилоятидаги ҳудуд қурилиш учун энг мақбул, деб топилган.

Айни пайт Хитойнинг CNNC, Жанубий Кореянинг KHNP, Франциянинг EDF ва “Росатом” каби бир неча салоҳиятли компания варианти кўриб чиқиляпти. Ҳукумат бундай лойиҳани амалга ошириш учун халқаро консорциум тузилиши мумкинлиги, жараёнда Қозоғистон бош мувофиқлаштирувчи бўлиши масаласини ҳам ўрганмоқда.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА