Ўтган 2022 йил давомида давлат архивлари сақловига вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлардаги Миллий архив фондига тегишли 195,2 минг сақлов бирлигидаги бошқарув ҳужжатлари қабул қилинган ҳамда ташкилот ва корхоналарнинг 408,3 минг сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари шартнома асосида тартибга келтирилган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда «Ўзархив» агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) бўлган архив ҳужжатларидан 10 та фонддан жами 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган.
Жумладан И-1 «Канселярия Туркестанского генерал губернатора» (1868-1917 й.) фондининг 26-та: И-3 «Российское императорское политическое агентство в Бухаре»; И-5 «Канселярия началника Зеравшанского округа», И-16 «Управление переселенческим делом в Сыр-Даринском районе» ; И-19 «Ферганское областное управление», И-46 «Управление Туркестанского таможенного округа»; И-194 «Патта Гисарская таможня», И-278 «Товарищ прокурора Самаркандского окружного суда по Самаркандскому участку», И-715 «Подготовителные материалы к составленной полковником А.Г.Серебренниковым публикации документов «Туркестанский край. Сборник материалов для истории его завоевания» ва И-722 «Штаб Туркестанского военного округа» фондларидаги 56 та йиғма жилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган ва тадқиқотчилар учун илмий муомалага киритилган.
Шунингдек, Р-314 «Уполномоченный управления по эвакуации населения при Совете Народных Комиссаров УзССР» фонди ва Р-837 «Совет Народных Комиссаров УзССР» фондларининг 603 та варақдан иборат архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган. Бугунги кунда ушбу ҳужжатлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланиш мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, давлат архивлари томонидан 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра жами 880,9 минг сақлов бирлигидаги 53,0 миллион кадр рақамлаштирилган.
Келгусида Arxiv.gov.uz идоравий электрон архив ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА