Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқарада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
“Тадбир пойтахтнинг “Эсенбога” аэропорти меҳмонлар залида ёпиқ эшик ортида бўлиб ўтди”, дейилади хабарда.
Блинкен ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан ҳам музокара ўтказган эди.
Суҳбат чоғида республикада содир этилган зилзила оқибатини бартараф этиш, Швеция ва Финландиянинг НАТОга қабул қилиниши жараёни, Украина атрофидаги зиддият ва икки томонлама муносабатни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Давлат котиби “НАТО бўйича иттифоқдош ва дўст Туркияга “F-16” самолётларини сотиш масаласини ҳал этиш, учоқларни замонавийлаштириш жараёни жадал давом этаётганини” айтди.
Чавушўғли ҳамкасбининг мамлакат жануби-шарқида содир этилган зилзиладан кейин икки марта телефон қилиб, АҚШ ҳар қандай ёрдамга тайёрлиги тўғрисидаги баёнотини ёдга олиб, Блинкенга такрор миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, ТИВ раҳбари АҚШ томонидан турли соҳалар юзасидан Туркия олдидаги мавжуд мажбуриятлар бажарилишига ишонишини маълум қилди.
ЎзА