Юртимиздаги мавжуд боғдорчилик, деҳқончилик хўжаликлари, шахсий томорқа ва бошқа майдонларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилишни Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари назорат олиб боради.
Айтиш мумкин, сўнги йилларда ўсимликлар карантини тизими янги босқичга кўтарилди. Соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этиш керакки, аҳоли хонадонлари, карантин объектларини инспекторлар текширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 26 январидан 20 февралига қадар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги томонидан «Долзарб ўн беш кунлик» тадбирлари ўтказилди.
Лойиҳа доирасида зараркунанда ва касалликларга қарши фитосанитар чоралари амалга оширилди. Буни Тошкент шаҳрида олиб борилаётган назорати тадбирлари мисолида кузатамиз.
Айни кунларда пойтахтимизнинг 12 та туманига бириктирилган карантин инспекторлари томонидан назорат тадбирлари йўлга қўйилган. Мевали дарахт боғлар, яшил майдонлар аҳоли хонадонлари карантин кўригидан ўтказилиб, деҳқон ва фермерларга зарарли организмларга қарши кураш чоралари ҳақида тавсиялар берилмоқда.
Кўрикларда нафақат аҳоли хонадонларидаги ўсимликлар, қолаверса, шох кўчалар ва яшил майдонлар иссиқхоналар ҳам кўздан кечирилиб, зарарли организмлар мавжудлиги шубҳага олинган ўсимликлардан намуналар олиниб, сайёр лабораториялар ёрдамида текширилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, айни вақтда пойтахтимизда 30 минг гектардан ортиқ майдон мавжуд. Шундан 7 минг гектарини яшил майдонлар ташкил этади. Пойтахтимизда икки юздан ортиқ дарахт тури ва 30 хилдаги бутани учратиш мумкин.
Айни вақтда уларни мавсум давомида турли зараркунандалардан асраш, қуриганларини йўқ қилиш, янги экзотик ўсимлик турларини кўпайтириш ишларини олиб борилмоқда.
«Долзарб 15 кунлик» доирасида ҳудудлардаги манзарали дарахтлар, гуллар ва бошқа ўсимликлар белгиланган тартибда зарарсизлантирилиб, далолатномалар расмийлаштирилмоқда.
Мониторинг давомида карантин остидаги маҳсулотларда зараркунандалар аниқланса, белгиланган тартибда зарарсизлантириш (фумигация) ишлари ташкил этилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА