Хитойнинг Шаньдун провинцияси Циндао шаҳрида “Хитой – ШҲТ намунавий ҳудуди марвариди” номли халқаро намойиш маркази ҳудудида мамлакатимиз савдо нуқтаси очилди. Мажмуадан ШҲТга аъзо бошқа давлатлар павильони ҳам жой олган.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда маҳаллий ҳукумат маъмурияти, ишбилармон доира вакиллари, Тижорат вазирлиги ҳудудий бўлинмаси, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитойдаги элчихоналари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон кўргазмаси пештахтасига мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотлар – мева шарбати, табиий асал, қуритилган мева, маъданли сув, заъфарон, қандолат, тўқимачилик ва чарм-саноат маҳсулотлари, кабел-ўтказгич, миллий ҳунармандлик намуналари қўйилган.

Маълумот ўрнида айтиш керак, миллий услубда ишланган, 600 квадрат метрли Ўзбекистон савдо ҳудуди марказида қад кўтарган Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали, Регистон мажмуасидаги Мирзо Улуғбек мадрасаси, Бухоронинг “Минораи калон”и рамзи меҳмонларда илиқ таассурот қолдиряпти.

Павильоннинг ички деворида республикамизнинг бой тарихи, маданияти, бугунги тараққиёти, туризм салоҳияти ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик жараёни тўғрисидаги ахборот акс этган.

Эслатиб ўтамиз, Циндао шаҳрида “Хитой – ШҲТ” минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган пилот ҳудуди ташкил этиш ташаббуси ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2018 йил ўтказилган 18-саммитида Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган.

“Хитой – ШҲТ намунавий зонаси марвариди” деб номланган мажмуанинг умумий майдони 168 минг квадрат метр. Марказ “Бир макон, бир йўл” ташаббуси иштирокчилари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун тўловсиз кўргазма намойиш этиш, маҳсулот савдосини амалга ошириш, йирик анжуман ва учрашувлар ўтказиш имконини беради.

Майдон Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика тизими ҳамкорлигини янада ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим амалий аҳамиятга эга.

Дарвоқе, Циндао Осиё-Европа транс қитъавий йўлагининг шарқий бандаргоҳи, Хитойнинг денгизга туташ ўн тўртта йирик шаҳридан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ушбу мамлакатдаги вакили Жамшид Сулаймоновнинг сўзларига кўра, Циндао шаҳридаги «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти намунавий зонаси»да очилган Ўзбекистон павильони юртимиз ишлаб чиқарувчилари ва экспортёрлари учун янги имкониятлар очади. Режага кўра, йилига бир неча миллиондан зиёд одам кўргазмага киради, маҳсулотлар билан яқиндан танишади, харид қилиш имконига эга бўлади. Демак, мазкур тадбир маҳсулотларимиз янада танилиши, республикамиз экспорт миқдори ошишига хизмат қилади.

ЎзА