2022 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 75 мингдан ортиқ шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган бўлса, шундан қарийб 22 минг нафарини ёшлар ташкил этган.

Ёшлардан 1 минг 773 нафари эса вояга етмаган шахслар бўлган. Кўряпсизсми, ҳали катталарнинг қарамоғида бўлган, улар учун биз бевосита жавобгар бўлган болалар жиноятга қўл урмоқда. 

Болалар – келажагимиз, эртанги кунни бунёд этувчилар, деган гаплар кўп тилга олинади. Лекин улардан айримларининг ҳали ўсмирлигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп воситалар савдосига қўл ўриши, ўғрилик, қотиллик содир этиши ақлга сиғмайди. 

Тошкент вилоятида жойлашган вояга етмаган шахслар сақланадиган колонияда айнан юқоридаги жиноятларни содир этиб, жазога тортилганлар бор. 

Гоҳида вояга етмаган шахсларни “ҳали болада”, деймиз. Лекин боланинг шафқатсизлиги, ваҳший ишлар қилишдан қўрқмаслиги, ҳайиқмаслиги кишини ўйга толдиради. 

Айримлар болани муаммоларига аралаштириб юбораётгани учун ҳам уларнинг дийдаси қотиб кетяпдимикин? Болалигини унутиб, тирикчилик ташвишини бўйнига олган болалар эмасми, шафқатсиз бўлиб бораётган?

Колонияда одам ўлдириш жинояти билан билан озодликдан маҳрум этилган, эндигина 18 ёшга кираётган О. исмли йигитча билан суҳбатлашдик. 

Унинг айнан шу жиноят билан судланиб, 14 йилга қамалганини колония раҳбарияти бизга маълум қилди. У билан суҳбатимиз, табиийки, шу мавзудан бошланди. 

Гапларидан бу бола дўстлари билан машинада юк олиб кетаётиб, ҳайдовчи билан келишмай қолишган. Гап ташалашиш ёқалашувга бориб етган. О. уч нафар ўртоғи билан 1994 йилда туғилган ҳайдовчини уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Воқеа 2021 йил июль ойида содир бўлган. Бурни, жағи синган ҳайдовчини тўрт йигитдан бири машинага солиб, маҳалласига элтиб ташлаган.

Энг ёмони, тан жароҳати олиб қонга беланган, ҳушини йўқотган инсонга улар раҳм қилмаган. Чунки тез тиббий ёрдам чақириш ёки уни шифохонага олиб боришни ўйлаб ҳам кўришмаган.

Ҳайдовчи олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.  27 ёшли навқирон бир йигит шу тариқа ёруғ оламни тарк этди.

Унинг ортидан онаси, турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзанди ва бошқа яқинлари чирқираб қолган.

О.ни ярим кечаси ички ишлари органи ходимлари  уйига қидириб келганида, у қандай мудҳиш ишга қўл урганини англади.

Қилмиш-қидирмиш, деганларидай у қотиллик иши бўйича терговга тортилди. Судда қонун олдида жавоб берди. О. ва унинг яна бир шериги  вояга етмагани инобатга олиниб, уларнинг ҳар бири 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган икки нафарининг бири 19, иккинчиси 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

– Тергов ҳибсхонасида эканимда эшитдим – унинг бир ўғли ва бир қизи бор экан, – дейди суҳбатдошим. – Унинг нафақат ўзига, балки фарзандларига катта шафқатсизлик қилибмиз…

Маҳкум кўзларига ёш олиб, ўз ота-онасини эслади.

Улар ўғлимиз вояга етди, деб эндигина суюна бошлаганда, “қотилнинг ота-онаси” деган тубан бир тамға пешонасига урилди.

– Қамоқда, ота-онамдан узоқда эканлигим учун шунчалар сиқиламан, бир кун келиб бу ердан чиқишимни, ота-онамнинг бағрига боришимни билсам ҳам барибир эзиламан. Марҳумнинг фарзандларига қанчалик оғир бўлганини чуқур ҳис қиляпман. Афсусдаман… Аммо бу тўғрилаш имконсиз бўлган азобли изтироб, – дейди у.

Кеч бўлсада кўзлари очилган йигитча ҳаммада куч, табиат ато қилган ақл борлигини, аммо уларни ўз ўрнида ишлатиш кераклигини таъкидлайди. Инсон ўзи билан ўзи курашиши, яъни нафс, жаҳлнинг қулига айланмай, уни енга олиши кераклигини англаганини бот-бот такрорлайди.

– Тенгдошларимга бундай қилмишлар содир этиш хато эканини айтган бўлардим, – дейди маҳкум.

Хулоса ўрнида айтмоқимизки, бола бири ниҳол каби. Шамол қай томонга эсса ўша томонга эгилади. Қачонки, уни тўлиқ муҳофаза этсангизгина ёмонлик гирдобига тушмайди. Фарзандни “ҳали болада” демай оқ ва қорани, яхшилик ва ёмонликни эринмай ўргатиш, айниқса, ёмон ишларнинг оқибатини тушунтириш зарур. Шунда фарзандлар юқоридаги каби вазият қурбони бўлмайди.

                                          Норгул Абдураимова, ЎзА