Ўзбекистон - Тожикистон: Банклар манфаатли келишувга эришди

Айни вақтда ҳар бир юртдошимизнинг диққат-эътибори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасидаги музокараларнинг боришига қаратилган.

Бу борадаги янгиликлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Тожикистон Республикасининг «Амонатбонк» Давлат омонат банки ўртасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга доир ҳужжатлар имзоланганидир.

Хусусан, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва банклараро ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш мақсадида «Вакиллик муносабатларини ўрнатиш бўйича банклараро шартнома» имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан Тожикистон Республикасига товарлар ва хизматлар экспорти билан боғлиқ битимларни молиялаштиришни назарда тутувчи «Савдони молиялаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув» тузилди.

Мазкур ҳужжатлар доирасида тақдим этилаётган кредит линияси доирасида Ўзбекистон Республикасидан тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, маиший кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, электротехника, автомобилсозлик, кимё ва бошқа соҳаларда йўналиш товарлар ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида савдони молиялаштириш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

 

ЎзА