Мамлакатимиз мустақиллиги байрами яхши янгиликлар билан, кўтаринки кайфиятда кутиб олинмоқда. Жойларда янги иншоотлар, марказлар ишга туширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкент вилояти ва пойтахтимиздаги шундай мажмуалар билан танишди.

Улардан бири – Зангиота туманида қурилган “Электрон ҳукумат” тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази.

Мамлакатимизда барча соҳаларни рақамлаштириш, хизматларни одамларга қулайлаштириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, юртимиз масофавий хизматлар экспорти бўйича ўзига хос минтақавий хабга айланиб бормоқда. Бу халқаро талабларга мос датамарказ ташкил қилишни заруратга айлантирди.

Шу боис “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилди. Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Марказда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 20 пета байт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизель генераторлар тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Бинони совутиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тармоқлари ҳам барча талабларга жавоб беради. Умуман, Маълумотлар маркази халқаро “Uptime” институти томонидан бериладиган TIER III сертификатига эга.

– Бу марказ рақамлаштиришнинг “юраги”, “Электрон ҳукумат”нинг замини, – деди Президент.

Мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб харажатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади. Энг асосийси, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий боғида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Бу боғни халқимиз яхши билади. У 1932 йилда ҳашар йўли билан қурилган, кўп йиллар аҳолининг энг севимли маскани бўлган. Кейинги вақтларда боғ ҳудудида қурилишлар бўлди – Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмаси биноси, Тошкент шаҳар тарихи музейи, “Magic сity” кўнгилочар маркази барпо этилди.

Президентимиз бу боғнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, бу ерда миллий анъаналаримизга хос муҳит яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шу асосида 14 гектардан зиёд ҳудудда катта ишлар бажарилди. Маъмурий бино, ресторанлар қурилиб, кўприклар ва йўлаклар янгиланди. Жами майдони 40 минг квадрат метр бўлган кўл тикланди. Сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилди. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда нуронийлар, адабиёт ва санъат намояндалари билан ҳам суҳбатлашди. Уларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, ушбу боғнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

– Бугун шаҳарларимизда бўлаётган ўзгаришлар яхши. Лекин қадриятларимизни эъзозлаш, хотира ҳам керак. Илгари бу боғ Тошкентнинг энг машҳур жойи бўлган, ўзига хос рамзларидан бирига айланган. Одамлар бу ерга келиб сайр қилган, ижодкорлар табиатдан завқ, илҳом олган. Талабалар, ёшларнинг энг завқли дамлари шу ерда ўтарди. Бу тарихни ҳозирги кун билан ҳамоҳанг қилишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Миллий боғда мазмунли дам олиш учун барча шароит яратилган. Оила ёки дўстлар даврасида сайр қилиш, овқатланиш, шахмат-шашка ва теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш мумкин.

– Ҳаммамиз ўша машҳур киноларимиздаги “Гўзал Тошкент” каби куй-қўшиқларни, ҳофизларимиз ижро этган ашулаларни яхши биламиз, улар қалбимиздан чуқур жой олган, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шунинг учун бу боғда ана шундай тароналар доимо янграб туришига эътибор бердик. Ўйлайманки, бу ерда аввалгидек мушоиралар, концертлар ўтказиш, яна кинолар олиш мақсадга мувофиқ. Булар боғимизни янада файзли ва тароватли қилади.

Нуронийлар боғ қайта очилиб, сўлим масканга айлантирилгани учун хурсандлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида қурилган янги биноларни ҳам бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган, ўтган йили декабрда бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган эди. Бугунги кунда 20, 22, 25 қаватли бинолар ва конференция зали қуриб битказилди.

Аҳамиятлиси, мазкур иншоотлар муаллифлик технологиясига асосланган янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида қурилмоқда. Юқори сейсмик чидамлиликка эга. Ҳар бир бино видеокузатув тизими ҳамда юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари билан жиҳозланган.

Мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард доллар, шу жумладан, 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди. Бу орқали 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди. Шунингдек, соҳада ўзини ўзи банд қилган мутахассислар сони 43 минг нафарга етди.

Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий IT компания ташкил этилди, экспортёр корхоналар сони эса 2 баробарга ошди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки бу борада етакчи. У биринчи бўлиб икки қаватли бинода очилган эди. Бугунги кунда осмонўпар, муҳташам мажмуага айланди.

Ушбу IT-паркнинг резидентлари, хизматлар тури ҳам кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 ойида улар томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинган. Йил якунигача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари “Алоқабанк” ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси биноларидаги шароитларни кириб кўрди. Уларнинг пастки қаватларида мижозларга хизмат кўрсатиш офиси жойлашган. Юқори қаватлар IT корхоналар учун мўлжалланган. Ертўла қисмида 3 минг автомобилга мўлжалланган 3 қаватли тураргоҳ ҳам бор.

IT-паркда қурилиш икки босқичда олиб борилмоқда. Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Соҳадаги ташкилотлар, университет, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Шу ерда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик компаниясида жорий этилган автоматик ҳисоблаш тизими, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг электрон тизимларини янада такомиллаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари