Айни кунларда Испаниянинг Барселона шаҳрида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон олий таълим анжумани бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этяпти.
3 кун давомида ўтказиладиган тадбирлар кун тартибида олий таълимда мобилликни ривожлантириш, соҳада глобал ҳамкорликни жадаллаштириш ва халқаро кўп томонлама конвенцияларга қўшилиш орқали мобилликдаги турли тўсиқларни олиб ташлаш каби масалалар ўрин олган.
Унда Covid-19 пандемиясининг олий таълимга таъсири, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълимнинг ўрни, олий таълимнинг инклюзивлиги каби масалалар ҳам муҳокама этилди.
Маълум қилинишича, анжуманда Ўзбекистонда олий таълим сифатини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш ҳамда олий таълим малакаларини халқаро даражада тан олинишини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан тақдимот ўтказилади.
Маълумот учун, ушбу халқаро анжуман ҳар 10 йилда бир марта ўтказилади. Аввалги тадбирлар Парижда 1998 ва 2009 йилларда ташкил этилган.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Барселона ва Пампео Фабра университетлари, Барселонадаги миллий таълим ахборот маркази ва ЮНEСКО офиси раҳбарлари билан ҳам учрашиб, музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
ЎзА