Барча саъй-ҳаракатларимиз замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассамЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 7 июль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди. 

Наманган – мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланган, гўзал вилоятларидан бири. Кейинги йилларда унинг иқтисодий салоҳияти ошиб, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 фоиз ўсган. Бу улкан бунёдкорлик ишларига асос бўлмоқда.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Қамчиқ довони орқали 19,2 километрлик ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли очилгани мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Бу йўл кўплаб иқтисодий имкониятлар қатори Наманган вилоятининг муҳим транзит ҳудудига айланишини ҳам таъминлади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 24 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига мувофиқ юзлаб инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг орасида умумий қиймати 2 миллиард 1 миллион доллар бўлган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси алоҳида ўрин тутади. Ушбу электр станцияси нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсида электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Поп туманида 100 мегаватт қувватга эга бўлган, умумий қиймати 210 миллион долларни ташкил этадиган қуёш электр станциясини қуриш, Мингбулоқ туманида 211 миллион долларлик “Мингбулоқ нефть-газ” конини ўзлаштириш ва бошқа инвестиция лойиҳалари вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтаради.

Наманганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси изчил ривожланмоқда. Вилоят ишбилармонлари замонавий технологиялар асосида харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариб, экспортдан катта даромад топмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 79 корхона 17,4 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилган. Экспортчи корхоналар сафига 19 янги субъект қўшилган.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Наманган вилоятини ҳам изчил ривожлантириш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди.

Президентимиз Наманганга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Наманган – кўплаб буюк алломаларга қанот бўлган замин. Бу кўҳна юртда Махдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварлар туғилиб ижод қилган.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда Исҳоқхон Ибрат ҳақида алоҳида тўхталиб, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил қилиш ташаббусини баён этган эди. Бу таклиф жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Президентимиз ушбу мажмуа қурилишини бориб кўрди.

Бунёд этилаётган боғ одамларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратиш билан бирга маънавий оламини ҳам бойитади. Бу ерда маърифатпарвар бобомизнинг ҳайкали ўрнатилади. Музей Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти, серқирра фаолияти билан таништиради. “Ибрат мактаби”да ёшлар хорижий тилларни ўрганади. Буларнинг барчаси яхлит комплекс сифатида алломанинг буюк хизматларини қадрлаш, меросини ўқиб-ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.

ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат домла араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган, деди Президентимиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган.

Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида 1908 йили Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу маърифатпарвар инсон кўплаб илмий, педагогик ҳамда бадиий асарлар яратган, ўз қишлоғида янги мактаб ва кутубхона очган, аҳоли учун замонавий боғ барпо қилган, ҳозиргача ғоят ноёб ҳисобланадиган олти тилли луғат яратиб, ўз босмахонасида чоп эттирган. Унинг “Фарғона тарихи” асари мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан биридир.

Давлатимиз раҳбари мазкур комплексни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчи ва ўқувчиларга барча шароитлар яратиш, бу ерда босмахона ташкил этиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Атоқли маърифатпарвар аждодимиз ўзига Ибрат тахаллусини бежиз танламаган, деди Президентимиз. Унинг элу юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Бу ерда шундай муҳит яратиш керакки, аллома бобомизга муносиб бўлсин. Ёшлар хорижий тилларни, аждодлари тарихини чуқур ўргансин. Пойтахтимиздаги университетлар ўқитувчилари, чет эллик мутахассислар келиб дарс берсин.

Гап ёшлар тарбияси ҳақида борар экан, бу борада шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак, деди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев тумандаги Наманган кўчасида халқ ичига кириб, одамлар билан мулоқот қилди. Аҳоли Президентимиз ташрифидан хурсандлигини, амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлардан мамнун эканини изҳор этди.

Давлатимиз раҳбари Мингбулоқ туманидаги “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига ташриф буюрди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 11-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи давомида Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ван Илин билан учрашди. Мазкур корпорация мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Учрашувда юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар ижросининг истиқболлари ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Хитой сармоясини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

“Мингбулоқ конида қидирув ва қазиб олиш” лойиҳаси узоқ истиқболга мўлжалланган кенг кўламли лойиҳадир. Лойиҳа доирасида 4 қидирув-бурғилаш қудуғи ишга туширилади ва 4 мавжуд қудуқ капитал таъмирланади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил Давлат инвестиция дастурининг манзилли рўйхатига киритилган бўлиб, айни пайтда бош пудратчи – “Xibu Duolling Engineering” компанияси бурғилаш майдони ва вахта қароргоҳидаги тайёргарлик ишлари якунига етказилди. Жорий йилда Мингбулоқ нефть кони маъмурий биносини таъмирлаш, М15 қидирув-бурғилаш қудуғини ишга тушириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун Хитой молия-тижорат институтлари киритадиган 15 миллион долларга тенг сармоя ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Яқинда бу ерда М15 қидирув қудуғи ишга туширилди. Қудуқда бурғилаш ишлари катта – 6 минг метргача чуқурлик, аномал босим – 1200 атмосфера босими ва коллекторларнинг геологик мураккаб тузилиши шароитида олиб борилиши энг замонавий муҳандислик ечимларини тақозо этади. 25 йилга мўлжалланган ва умумий қиймати 255 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа натижасида Мингбулоқ нефть конидан йилига 200 минг тонна суюқ углеводород қазиб олиш режалаштирилган.

М15 қидирув-бурғилаш қудуғининг ишга туширилиши билан 130 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Президентимиз ушбу корхона мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қурувчилар ва хитойлик мутахассислар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Фарғона водийсида ўтказилган геологик қидирув ишлари натижалари ҳақида маълумот берилди. Қидирув ишлари кўплаб турдаги табиий бойликларни аниқлаш имконини берди. Келгусида уларни ўзлаштириш бўйича замонавий корхоналар ташкил этилади.

Наманган вилоятида қуриладиган гидроэлектр станциялари лойиҳаси ҳам намойиш қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Наманган вилоятида умумий қуввати 38,5 мВт, ишлаб чиқариш қуввати 150,8 миллион кВт соатни ташкил этувчи кичик гидроэлектр станцияларини қуриш кўзда тутилган. Жумладан, Учқўрғон тумани ҳудудида Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскадини қуриш режалаштирилган.

Президентимиз сувдан энергия олиш табиат инъом этган имконият, бундай энергия қайта тикланиши, экологик тозалиги ва арзонлиги билан афзал эканини таъкидлади. Хитой тажрибаси асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудида кичик гидроэлектр станциялари қурилиши, келгусида электр таъминотининг катта қисми ушбу манбалар ҳисобидан қопланишини қайд этди.

Сув тозалаш иншоотлари барпо этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари Тўрақўрғон туманидаги «Gold Fresh Fruits» масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликни ривожлантириш, бу борада янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилаётган алоҳида эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

«Gold Fresh Fruits» МЧЖда 482 гектарлик интенсив боғ ташкил этилган. 300 дан зиёд киши меҳнат қилаётган жамиятда гилос, олхўри, шафтоли, хурмо ва ўрик кўчатлари парваришланмоқда. 104 гектар ер гилос кўчати экиш учун тайёрланмоқда.

Корхона ҳудудида 2018 йил охиригача яна 400 гектардан ортиқ майдонда гилос боғи ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 45 миллион доллар маблағ сарфланади. Бир йилда 10 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш, 30 миллион долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Корхонада 6,5 гектарда мева-cабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш логистика маркази ташкил этиш мўлжалланган. Натижада 300 янги иш ўрни яратилади.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бўйича Халқ банки қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Банкнинг молиявий кўмагида Тўрақўрғон туманида ташкил этиладиган 2 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси шулар жумласидандир. Лойиҳа қиймати 11,8 миллиард сўмлик ушбу комплекснинг ер майдони 510 гектар бўлиб, шундан чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари етиштиришга 500 гектар, қурилиш ишлари учун 10 гектар ер ажратилиши режалаштирилган. Комплексда йилига 4 минг 280 тонна сут, 150 тонна гўшт етиштирилади. Лойиҳани 2018 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган.

Шу ерда Учқўрғон туманидаги «Muhammadali hamkor biznes» масъулияти чекланган жамиятида 10 гектарда иссиқхона ва томат пастаси ишлаб чиқариш заводи, Наманган шаҳридаги «Jahon javohiri invest» ва Поп туманидаги «Namangan agro logistic» МЧЖларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда иссиқхона ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Юқори технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантириш, айниқса, гилоснинг серҳосил, эртапишар навларини экишни кўпайтириш керак, деди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев Поп туманидаги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли Кўмир брикети ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.

Мамлакатимизда энергетика соҳаси изчил ислоҳ этилмоқда. Энергия манбалари диверсификация қилиниб, аҳоли ва ташкилотларга бир неча турдаги энергия етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Поп туманида шу соҳадаги яна бир корхона ишга туширилди. Қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа натижасида йилига 500 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқарилади. Корхонада 160 иш ўрни яратилди.

Президентимиз брикет ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Маҳсулотнинг нархи, самарадорлиги билан қизиқди. Заводда кўмир кукуни замонавий технология асосида қайта ишланиб, қуввати юқори моддалар билан бойитилади, ҳид ва зарарли газлардан тозаланади, ташиш учун қулай қилиб қадоқланади.

Завод маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудларига тарқатиш пунктлари ташкил этиш, брикет ва уни ёқишга мос печларни аҳолига етказиб бериш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш кераклиги таъкидланди.

Бу ерда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Наманган вилоятида 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга 200 миллион долларлик инвестиция йўналтирилмоқда.

Бундан мақсад – аҳолини арзон, сифатли, кенг турдаги қурилиш материаллари билан таъминлаш, янги иш жойлари очиш. Бундай материаллар кўп ва арзон бўлса, одамлар уй-жой қуради, янги мактаб ва шифохоналар, корхоналар, йўллар бунёд этилади. Халқимиз фаровонлиги янада ошади.

Поп туманида цемент, шифер, асбест қувурлар, бетон ва ярим синтетик мойлаш материаллари, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида цемент, Наманган шаҳрида керамик плита ва сантехника маҳсулотлари, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида пишиқ ғишт, Чуст туманида пардозлаш тошлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи завод фаолияти билан танишди. “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва “Ҳамкорбанк” кредити ҳисобидан бунёд этаётган ушбу заводда қишлоқ хўжалиги экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилувчи 28 турдаги кимёвий препаратлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион долларни ташкил этади.

Ушбу завод ишга тушганидан кейин кимёвий препаратларни хориждан келтиришга эҳтиёж қолмайди, бундай маҳсулот билан мамлакатимизни тўлиқ таъминлаш, ҳатто уни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Президентимиз препаратларни тайёрлашда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, экспортни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Наманган вилояти ҳудудидаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинлари экиш лозимлигини таъкидлади. Токи одамларимиз меҳнатининг роҳатини кўрсин, ҳаётидан рози бўлсин.

Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятида ўсадиган ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилади. Турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилади. Бу йил вилоятда 3 минг гектардан зиёд майдонда ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин.

Ковул етиштириш бўйича илмий асослар ишлаб чиқиш, экспорт қилиш механизмини яратиш, вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди.

Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи Наманган вилоятидаги муборак масканлардан биридир. Қадамжо мақбара, масжид, рамзий дарвоза ва музейдан иборат.

Қадамжони қадимий усулда таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманидаги чегара постини бориб кўрди.

Постда ҳарбийларимиз учун барча зарур шароитлар яратилган.

Президентимиз чегара постида хизмат қилаётган ҳарбийлар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари Янгиқўрғон туманидаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳли билан суҳбатлашди. Фуқаролар маҳалла тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор жамиятда маънавий муҳитни, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Наманган шаҳрида Президентимиз раислигида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА