Сурияда тикланиш ишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдураҳмановнинг сўзларига қараганда, Сурия бўйича Остона жараёни деб аталмиш тинчлик музокараларининг 11 раундида Қўшма Штатлар вакилларининг иштироки кўзда тутилмаган.


Остонада ҳукумат мажлисида журналистларнинг саволларига жавоб берган вазир Абдураҳманов 28-29 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган музокараларнинг навбатдаги раундига Сурия ҳукумати ва Сурия мухолифати таклиф қилинганини айтди.
“Кузатувчиларнинг иштироки кафил-мамлакатлар томонидан кун тартибига киритилган масалаларнинг ҳал этилишига фаол жалб қилишни англатади. Менга маълум бўлишича, АҚШ террор гуруҳларига қарши кураш масалаларига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Биринчи навбатда гап ИШИД ҳақида бормоқда. Бу масалалар учрашув кун тартибига кирмайди”, деди вазир.

Россия, Туркия ва Эрон бу музокараларда Сурияда ўт очиш режимини тўхтатиш кафиллари сифатида чиқмоқда. БМТ воситачилигида Женевада бўлиб ўтаётган сурияликлараро музокарадан фарқли равишда Остонада тўққиз раунд музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларнинг аввалги раунди июль ойида Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилди.

“Кафил мамлакатлардан олган маълумотларга қараганда, улар Идлиб вилоятидаги вазият билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишмоқчи. Бу вилоят тўртта кескинликни юмшатиш ҳудудларидан биттаси ҳисобланади. Бундан ташқари, кафил мамлакатлар қочқинларни қайтариш учун шарт-шароитларни яратиш ва можаролардан кейинги Суриядаги тикланиш ишлари билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қиладилар“, дея сўзларига қўшимча қилди Абдураҳманов.

 

ЎзА