Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда миллий қадриятларимизни, шу жумладан, миллий аския ва қизиқчилик санъатини асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш ва келгуси авлод учун номоддий маданий мерос сифатида етказиш мақсадида:

1. Марғилон шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аския ва қизиқчилик ижрочилиги йўналишида “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантиришистеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, маданият ва таълим муассасаларида аския ва қизиқчилик санъати тўгаракларини ташкил этиш;

ўзбек халқ оғзаки ижодининг аския ва қизиқчилик санъатини сақлаш ва тарғиб этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, бу борада, ижодкорлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

аския ва қизиқчилик билан шуғулланувчи ижодкорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мамлакатимизда ва хорижий давлатларда гастроль фаолиятини амалга ошириш, фестиваль, кўрик-танлов, ижодий кечалар, аския ва қизиқчилик томошаларини ташкил этиш;

аския ва қизиқчилик санъатининг пайров, қофия, баҳри-байт, афсона, радиф, айтишув, раббия каби ноёб шаклларини асраш ва тарғиб этиш, саҳнавий сюжетларини ривожлантириш ҳамда истеъдодли сўз усталарининг ижод фондини ва махсус адабиётларни яратиш.

2. Қуйидагилар:

ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида “Хуш кайфият” республика кўрик-танлови ҳамда аския кечалари;

аския ва миллий қизиқчилик санъатимизни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта “Табассум” халқаро кулги фестивали;

ҳар йили аския ва қизиқчилар жамоаларининг маҳаллий гастроль сафарлари;

республикадаги маданият марказларимаданият ва санъат йўналишидаги таълим ташкилотларида аския ва қизиқчилик санъати тўгараклари ва ижодий жамоалари ҳамда уларнинг жамоатчилик учун ҳар йили ҳисобот концертлари ташкил этилсин.

3. Аския ва қизиқчилик санъати билан шуғулланувчи ижодий жамоалар ва ёзувчи-драматурглар томонидан биргаликда яратилган ҳажвий асарларни саҳналаштириш, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва аҳолига хуш кайфият улашишга қаратилган концерт-томоша тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

ҳар йили камида 3 та илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини танловлар асосида шакллантириш;

ҳар йили камида 5 та саҳнада намойиш этишга мўлжалланган ҳажвий асар учун давлат буюртмасини бериш;

ижодий танлов асосида эркин ижодкор ва жамоалар томонидан ҳар йили камида 10 та концерт-томоша тадбири ва аския кечаларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;

ҳар йили камида 25 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш учун давлат буюртмасини бериш, бунда энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорларини Маданият ва туризм вазирлиги ҳайъатининг қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш белгилансин.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар давлат илмий дастурлари доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан, учинчи – бешинчи хатбошиларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Маданият ва туризм вазирлигига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

4. Қуйидагилар:

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати марказининг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Аския ва қизиқчилик санъати соҳасидаги таниқли ижодкорлар томонидан ташкил этилаётган маҳорат мактаблари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Аския ва қизиқчилар жамоаларининг 2023–2024 йилларга мўлжалланган маҳаллий гастроль сафарлари режаси 3-иловага мувофиқ;

Аския ва қизиқчилар жамоаларининг 2023–2024 йилларга мўлжалланган корхона ва ташкилотларга гастроль сафарларини ташкил этиш режаси 4-иловага мувофиқ;

Республикада аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантириш ва илмий-ўрганиш ҳамда тарғиб этишни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023–2024 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир маротаба бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, концерт, цирк ва театрларга, аския, қизиқчилик ва сўз санъати томошаларига кириш учун чипта ва абонементларни харид қилиш амалиётини йўлга қўйсин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов), хўжалик жамиятлари муассиси бўлган бошқа давлат органлари бир ой муддатда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат корхоналарининг бошқарув органлари йиғилишларида ушбу ташкилотлар буюртмаси асосида ходимлар  ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ўтказиш вазифасини бизнес-режага киритиш бўйича ташаббус билан чиқсин.

Маданият ва туризм вазирлиги (О.Назарбеков) ҳар ойнинг 25-санасига қадар келгуси ойда ташкил этиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша, шу жумладан, аския ва қизиқчилик томошалари ҳақида давлат бошқаруви органлари, муассасалари, корхоналари ва хўжалик жамиятларини хабардор қилиб борсин.

6. Белгилансинки:

аския ва қизиқчилик санъати соҳасида таниқли ижодкорларнинг маҳорат мактаблари фаолияти йўлга қўйилади;

ушбу қарорда белгиланган тартибда ўзининг маҳорат мактабини яратган ижодкорлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асосий иш жойи орқали ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида қўшимча рағбатлантириб борилади;

маҳорат мактабларига улар фаолият юритадиган муассасанинг объектларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилиб, уларга ушбу муассаса томонидан алоҳида хона ажратилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратилади.

7. Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ижодкорлари ижтимоий шароитини яхшилаш мақсадида:

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан Марказни сақлаш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетдан 2023 йилда 2,3 миллиард сўм, 2024 йилдан бошлаб эса Марказ талабномаси асосида зарур маблағлар ажратилади;

“Ўзбектелеком” АКнинг доимий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатишни назарда тутувчи “Дўстлар клуби”ни ташкил этиш ҳамда 2023 йил учун 5 миллиард сўм ҳомийлик хайрияси ҳамда келгуси йилларда ҳам ҳомийлик хайриялари ажратиб бориш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

Марказ Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 470 а-уй манзилида жойлашган Марғилон маданият маркази биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Маданият ва туризм вазирлиги (О. Назарбеков):

а) икки ой муддатда:

Марказ устави ва тузилмасини тасдиқласин ҳамда унинг самарали фаолият олиб боришини йўлга қўйсин, шунингдек, давлат маданият ташкилотлари штат бирликларининг сонини мақбуллаштириш ҳисобига Марказга 12 та штат бирлиги ажратилишини таъминласин;

ижодий жамоалар ва ёзувчи-драматурглар томонидан биргаликда яратилган ҳажвий асарларни саҳналаштириш учун давлат буюртмаларини бериш ҳамда ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган маҳорат мактаблари фаолияти натижадорлигини баҳолаш тартибларини тасдиқласин;

б) Фанлар академияси (Б.Юлдашев), Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.Хожиматов), Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов) ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган тадбирларни юқори савияда ўтказиб борсин.

Бунда, ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Маданият ва туризм вазирлигига ажратилган Давлат бюджети ҳамда тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тенг улушда қопланади;

в) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Ҳ.Умарова) ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов) билан биргаликда:

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи ҳамда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида “аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши очилишини ташкил қилсин, шунингдек, уларни ушбу йўналишлар бўйича юқори малакали педагог кадрлар билан тўлдиришни таъминласин;

аския ва қизиқчилик санъати” йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

г) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда аския ва қизиқчилик санъатига доир тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари алоҳида ишлаб чиқилган медиа-режа асосида мунтазам ташкил этилишини таъминласин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият ва туризм вазири О.А.Назарбеков белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

 Ўзбекистон         

Республикаси Президенти                                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 11 июль