Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;

Давлат активларини бошқариш агентлиги тизими ташкилотларини қайта ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;

Давлат активларини бошқариш агентлигининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Давлат активларини бошқариш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ;

“Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилинадиган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2023 йил 1 майдан бошлаб, давлат мулки ҳисобини юритиш, унинг тўлиқлиги ва тўғрилигини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин:

республика мулки бўлган давлат кўчмас мулклари ва давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади, бундан Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли улушлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш Давактив агентлигининг тегишли буйруғи мавжуд бўлганда амалга оширилади;

давлат кўчмас мулк объекти ва бўш ер участкалари негизида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар давлат шериги томонидан тегишли битим тузилгандан сўнг ўн кун муддатда “Давлат мулки” ахборот тизимига киритилади;

вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кўчмас мулки негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни бегоналаштириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар ва улар тизимидаги корхоналарга учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлари (битим, шартнома, меморандумлар) бўйича мажбурий тартибда Давлат активларини бошқариш агентлигининг хулосаси олинади.

3. Белгилансинки, 2023 йил 1 июлдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ва дивиденд сиёсатини такомиллаштириш мақсадида:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган маълумот “Давлат мулки” ахборот тизимига ўз вақтида тақдим этилмаганда уларнинг ижроия органи раҳбарлари рағбатлантирилишига йўл қўйилмайди;

давлат улуши бўйича дивиденд миқдори корхонанинг инвестиция лойиҳалари, бизнес-режа кўрсаткичлари ва молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда давлат иштирокидаги корхоналарнинг давлат улуши бўйича сайланган кузатув кенгаши аъзолари томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган ҳолда акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишига тавсия этилади.

4. 2023 йил 1 июлдан бошлаб, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилсин.

Бунда, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналарнинг маъмурий биноларида тижорат ташкилотларини “ноль” ставкада ёки тўғридан-тўғри жойлаштиришга йўл қўйилмайди, мазкур биноларнинг бўш майдонлари ижарага бериш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади ва ижара шартномалари солиқ органларининг “E-ijara” электрон тизимида рўйхатдан ўтказилади.

5. Давлат активлари, уларни бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги янги тизими жорий қилинсин:

давлат кўчмас мулк объектлари, давлат улуши, давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари ҳамда уларга тегишли автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида эълон қилинади, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги ўрни ва улуши, молиявий натижалари, бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши ва бошқа муҳим ахборотларни ўз ичига олувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг йиғма ҳисоботи ҳар йили 1 августга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

2023 йил 1 октябргача “Давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш портали” яратилади, унда барча давлат мулки объектларини савдога чиқариш ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборотлар жойлаштирилади ҳамда ушбу тизим солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилинади.

6. Белгилансинки, “E-auksion” электрон савдо платформасида:

хусусий мулкдорлар буюртмасига асосан уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш бўйича савдолар ўтказилади;

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш пул маблағларини депозитга жойлаштириш бўйича тижорат банклари ўртасида фоиз ошиб бориш тарзида банк капитали етарлилиги, банк капиталининг унинг мажбуриятларига нисбати, ликвидлилик коэффициенти каби шартларни назарда тутган ҳолда аукцион савдолари ўтказилади.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 24 март