Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

 

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Хусусан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаган.

Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмади.

Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифаларнинг умумий тусда белгиланганлиги ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ таъсирчан механизми мавжуд эмаслиги жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларнинг самарасиз олиб борилаётганлигини кўрсатади.

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, шунингдек, давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан деярли фойдаланмаслиги мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳолатларининг вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;

ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш;

давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.

2. “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгилансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.

4. Қуйидагилар:

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси (кейинги ўринларда ‒ Концепция) 1-иловага мувофиқ;

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда ‒  “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, вазирлик ва идоралар раҳбарлари Концепцияда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишда принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш, уларнинг ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан яхшилаш мақсадида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, ушбу соҳада ишларни янада такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар (юридик луғат, ҳуқуқий адабиётлар электрон майдончаси, қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси бўйича онлайн форум ва бошқалар) етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш;

аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини яратиш;

умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўламини янада кенгайтириш;

аҳолининг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмаларни тайёрлаш ва хонадонларга бепул тарқатиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун топшириладиган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб бораётган фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мактабгача таълим муассасаларида “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусидаги машғулотларни малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўргазмали тарзда тизимли жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий билимлари узлуксиз ва тизимли ошириб борилишини таъминлаш механизмини жорий этсин, шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

2019 йил 1 мартга қадар ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, айниқса, уларнинг онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланишини ташкил қилсин;

ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича таълим муассасаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишининг самарали механизмларини кенгайтириш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда таълим муассасаларида турли ҳуқуқбузарликлар, қоидабузарликлар, гиёҳвандлик ва бошқа салбий ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг амалга оширилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2019 йил 1 июлга қадар Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизимининг ишлаб чиқилишини ва ишга туширилишини таъминласин;

2020 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали яратилишини тўлиқ якунласин;

уч ой муддатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) тизимини ривожлантиришни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

доимий равишда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган масалаларни белгилаб, аниқ дастурлар асосида улар бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга оширсин, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш борасида аҳоли турли қатламларининг фикрларини ўрганиб, таҳлил қилиб борсин;

икки ой муддатда ёшидан келиб чиқиб ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражаси бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасига қўйиладиган минимал талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида тизимли равишда амалга ошириладиган “Ҳуқуқий ахборот куни” лойиҳасини жорий этсин;

бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқсин;

жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳолати ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини ўрганиш учун тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиб борсин;

зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, хорижий экспертларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни самарали амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилишга ва натижаси бўйича зарур чора-тадбирларни белгилашга кенг жалб қилсин;

Концепция ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ҳамда сифатли тайёрланиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг олиб борилишини таъминласин;

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ва мониторинги, шунингдек, уларнинг ижроси тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига доимий равишда ахборот бериб борсин;

икки ой муддатда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг кўрсаткичларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Адлия вазирлиги бир ой муддатда ҳуқуқий мавзуларни тизимли ва таҳлилий ёритиб бориш ҳамда аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар кўламини кенгайтириш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги давлат илмий-техник дастурлари доирасида амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар танловида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий, педагогик-психологик жиҳатларини илмий-амалий тадқиқ этишга оид мавзуларни мунтазам эълон қилиб борсин.

15. Белгилансинки, давлат бошқаруви органлари жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун белгиланган тартибда нодавлат нотижорат ташкилотларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериши мумкин.

16. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур Фармондан келиб чиқадиган ҳуқуқий-маърифий тадбирларни амалга оширишга қаратилган маблағларни ўзларининг харажатлар сметасида назарда тутиб борсин.

17. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси:

оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини ошириш, бу борада уларнинг давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан алоқасини кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин;

Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмуни ва моҳиятини ҳамда унинг амалга оширилиши бўйича кенг тушунтириш ишларини оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали ёритилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 2019 йил 9 январь