Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз тимсоли, тил – миллат ва Ватан тушунчалари каби муқаддасдир, зеро, она тилисиз жамият тараққиётга эришолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Давлат ташкилотларида ўзбек тилидан фойдаланишни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари вакиллари, профессор-олимлар ва филологлар иштирок этди.

Суҳбат давомида юртимизда ўзбек тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, шунингдек, давлат ташкилотларида ўзбек тилидан фойдаланишни такомиллаштириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари ҳусусида сўз юритилди.

Маълумки, ўзбек тили байрами халқимиз маънавий ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш билдираётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда ўзбек тилида нутқ сўзлагани ҳам она тилимизга бўлган эътибор ошишига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Тилшунос олимларнинг эътироф этишича, хорижий давлатларнинг 70 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўзбек тили ўргатилмоқда. Қолаверса, дунё бўйлаб 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида гапира олиши муҳим факт саналади.

– Вазирлик ўзбек тилини ривожлантириш, уни такомиллаштириш тўғрисидаги қарорларнинг ижроси доирасида бир қанча ишларни амалга ошириб келмоқда. Масалан, хорижий мамлакатларда 70 га яқин “Ўзбек тили дўстлари” клублари ташкил қилиниб, бу 30 га яқин давлатларни ўз ичига олади.

Бу ўзбек тилини ўрганиш, уни тарғиб қилиш ва Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумотлар олиб туриш имкониятини беради – деди Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдуҳалимов.

– Бундан ташқари, 2021 йилда “Юртдошлар” сайти ишга туширилди, мазкур сайтда ўзбек тилидаги фильмлар, мультфильмлар ва қатор дастурлар жойлаштирилган.

Қайд этилдики, хорижий университетлардаги ўзбек тили ўқитувчиларининг дастлабки рўйхати шакллантирилди. Бу республикамиздаги манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилган. Боиси, хорижий мамлакатлардаги таълим муассалаларида ўзбек тили ўқитувчиларини зарур дарслик ва қўлланмалар билан таъминлаш механизми яратилган.

Тадбир якунида мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари вакиллари иш фаолиятида ўзбек тилидан фойдаланишни такомиллаштириш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири