Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий кенгашларда ва оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши зарурлиги айтилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармони билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш, шу асосда аҳоли фаровонлиги, турмуш даражасини янада юксалтириш мақсадида Оролбўйида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ишчи гуруҳ тузилган.

Амударё туманидаги “Хитой” овул ва “Жумуртов” шаҳарча фуқаролар йиғинларида дастур доирасида жами 21 миллиард 840 миллион сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган. Жумладан 5 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 9,4 километр ички йўлларни таъмирлаш, 7,4 километр электр тармоғи, 2 та трансформатор ва 77 та таянч устуни, 4 та тозаланган ичимлик суви объекти, 9 та алоқа тармоғи, 3,1 километр ирригация объектини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган.

“Хитой” овулида 613 хонадонда 3506 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу ҳудудда жами 13 миллиард 942 миллион сўмлик ишлар бажарилиши белгиланган. Айни кунларда овул фуқаролар йиғини биносида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр таъминоти, ички йўллар, пиёдалар йўлаклари, ижтимоий соҳа объектларини реконструция қилиш, йўл бўйларига тунги ёриткичларни ўрнатиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар ҳам жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Жумладан, турли тўпланиб қолган чиқиндилар махсус транспортлар орқали олиб ташланиб, гуллар, мевали ва манзарали дарахт қўчатлари ўтказилиб ободонлаштирилмоқда.

Дастур доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, талон-торож қилиниши, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг сифатсиз бажарилиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида овул ҳудудида прокуратура ишчи гуруҳининг штаби ташкил этилган.

Жорий йилда Чимбой туманида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида “Қизил ўзак” ҳамда ”Оржап” овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилади. 1800 га яқин хонадон истиқомат қиладиган бу ҳудудлардаги 3 та ижтимоий объектда 2 миллиард 575 миллион сўмлик реконструкция ишлари, маҳаллаларнинг маъмурий иншоотларига қарийб 550 миллион сўмлик қурилиш таъмир ишларини юритиш белгиланган. Дастур асосида 21,4 километр ичимлик сув тармоғини тортиш, 3,1 километр электр линияларини модернизациялаш, янги трансформатор ўрнатиш, 2 километр табиий газ тармоғини таъмирлаш, 28,5 километр масофадаги ички автомобиль йўлини таъмирлаб, ободонлаштириш, 240 уйнинг фасадини яхшилаш каби ишлар режалаштирилган. Бу ерда прокуратура томонидан махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, қурилиш таъмир ишлари назорат қилинмоқда.

Ҳудудларни ободонлаштириш ишлари билан бирга кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, “Қизил-ўзак” маҳалласидаги жами 111 дона дарахт шохларига осилиб қолган электр симлари тартибга солиниб, 300 га яқин дарахт кўчати экилди. Маҳалла ҳудудидаги ноқонуний қурилган қурилмалар ҳам бузиб ташланди. Айни кунларда ички йўлларга қум шағал аралашмаси тўшалиб, текисланмоқда. Маҳалланинг эски маъмурий биносида ҳам қурилиш таъмирлаш ишлари юритилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ишлар янги ёндашувлар асосида амалга оширилмоқда. Мақсад, давлат дастурига киритилган ҳудудларнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этишига ҳисса қўшишдир.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА