Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” мажмуасида Наврўз байрамига бағишланган тантаналар бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари айём муносабати билан халқимизга йўллаган табригида Наврўз байрами моҳиятидаги эзгу тушунчалар ҳаётимиз маъносига айланганини алоҳида таъкидлади.
– Дарҳақиқат, Наврўзи олам моҳиятида, энг аввало, инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйишдек эзгу фазилатлар мужассамдир.
Юртимизда аҳолининг барча қатлами, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.
Айниқса, ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш доимий фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Бу борадаги ишларимиз “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да янги, янада юксак босқичга кўтарилмоқда.
Ишончим комил, мана шундай амалий ҳаракатларимиз келгусида янада кенгайиб, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган олижаноб мақсадимизга, албатта етамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА