“Пойтахт ёшлари” фестивали доирасида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов 2021 йил Ўзбекистонда ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларнинг маоши оширилиши ҳақида гапирди.
– Тиббиёт ходимларининг ойлик масаласи жудаям оғриқли, – деди А.Иноятов. – Сизни ишонтириб айтаманки, Президентимиз кириб келаётган 2021 йилда ҳамширалар, шифокорлар, ўқитувчиларнинг иш ҳақи бир неча баравар оширилади, дея таъкидлади.
Шунингдек, хорижга ишлаш учун кетган ўзбекистонлик шифокорларни қайтариш масаласига ҳам тўхталди.
– Бизда маошнинг камлиги ва инфратузилманинг етишмаслиги туфайли кўплаб шифокорларимиз мамлакатимизни тарк этишган, – деди А.Иноятов. –Уларни қайтаришнинг ягона чораси битта – меҳнатига муносиб ҳақ тўлашни жорий этиш керак. Яқинда давлатимиз раҳбари тез тиббий ёрдам шифокорларининг иш ҳақини минг долларга кўтарамиз, деди. Агар Африкада улар ўртача 3 минг доллар маош олса, бу ерда ўша маош минг долларга тенг бўлади. Тан олиш керак, биз эндигина оёққа тураётган янги мамлакатмиз. Босқичма-босқич бу даражага, албатта, етиб боришимизга ишонаман.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА