Youtube ижтимоий тармоғини портлатган дунёдаги энг довюрак, қўрқмас ҳайвонни биласизми?
Жанубий Африка миллий боғида 6 та шернинг тўдасига кириб бориб, улар билан жанг қилиб, кейинчалик хотиржам йўлини давом этган бу жонзот ҳинд асалхўри деб номланади. Айнан ҳинд асалхўри Жанубий Устюртда, Сариқамиш кўли атрофларида яшайди.
Ҳинд асалхўриси Гиннеснинг рекордлар китобига “дунёдаги энг қўрқмас сут эмизувчи” сифатида кирган.
Жанубий Африкада мард йигитни “асалхўридай довюрак” дея таърифласа, устюртликлар ёш бола асалхўрини кўрса, у келажакда мард йигит бўлиб ўсади деб ишонган.
Узунлиги бир метрдек, 15 килога яқин салмоғи бор асалхўри ўзидан 10 карра катта ҳайвонларга ҳам бемалол тура олади.
Мана бу видеода асалхўрининг 6 та шерга ҳужум уюштиргани, дунёдаги энг заҳарли илон билан жанги, ўзидан бир неча бор катта, ҳаттоки йирик жонзотларни ҳам юта оладиган, узунлиги 4 метр келадиган буғма илонни ҳам қандай ўлдиргани тасвирланган. Видеодаги энг ҳайратланарли жиҳати, асалхўри заҳари 4та кишини ўлдиришга қодир шақилдоқ илонни ўлжа қилади ва ўзига ҳам заҳар ўтказиб олиб, бир замон ўлиб қолиб, кейин қайта тирилиб ўлжасининг қолган қисмини ейиш учун инига судраб олиб кетади.
Асалхўрининг Жанубий Устюртда яшаши исботланган.
Бутунжаҳон Ёввойи Табият Фонди (WWF), Германиянинг DAAD ташкилоти молиялаштируви билан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги Бош Бошқармаси ҳамда Михаел Зукков Фонди (Германия) шериклигида 2012-2014 йилларда қорақалпоқ Устюрти ва шимол Сариқамиш ҳавзаси ҳудудида ўтказилган экспедицияда айнан Сариқамиш кўли атрофида ҳинд асалхўрининг яшаши аниқланди. Экспедиция аъзолари уларни суратга олишга ҳам муваффақ бўлганди.
Е.Қаноатов, ЎзА