Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтаётган қиличбозлик бўйича жаҳон кубоги босқичининг сабля бўйича яккалик баҳсларида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси вакиллари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақанинг ярим финал баҳсида терма жамоамиз аъзоси Муса Аймуратов ўз жамоадоши Алпамис Уракбоевни 15:14 ҳисобида енгиб, финалга йўл олди. Қизиқарлиси шундаки, финал баҳси ҳам икки вакилимиз ўртасида кечди. Олтин медал учун ўтган беллашувда Муса бошқа бир қиличбозимиз Сардор Абдукаримбековни таслим қилди.
Шу тариқа, ушбу жаҳон кубоги босқичининг олтин медали М.Аймуратовга насиб этган бўлса, С.Абдукаримбеков кумуш, А.Уракбаев бронза медали билан тақдирланди. Энди ушбу муваффақиятга эришган спортчиларимиз жамоавий беллашувларда ҳам ўз омадларини синовдан ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА