Яшаб қолишни истаб, жон ҳолатда курашаётганлар

Тиббиёт соҳасини танлаганимда бу касбнинг машаққатли эканини билганман ва ўзимни шунга тайёрлаганман. Тиббиёт олийгоҳини тамомлаб Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмади, атиги 4 йил. Лекин охирги ўтган бир ой олдида ўтган 4 йил бир соатча ҳам бўлолмайди.
Мана бир ойдирки шифохонанинг жонлантириш бўлимида жон талашиб ётган, коронавирус юқтирган беморлар орасидаман. Бизга олийгоҳда совуққонроқ бўлишни ўргатишган, аммо шифокор бўлсамда уларнинг қийналаётганини кўриб ич-ичимдан азобланаман.
Ўтган бир ойнинг ҳар бир дақиқаси йилларга татиётгандек. Ёш оиламиз. Икки нафар фарзандим бор. Уларни қишлоққа, ота ҳовлимизга жўнатиб юборганимга ҳам бир ой бўлди. Оиламни соғиндим рости. Мен ҳам отаман ахир. Жажжи фарзандларимни эркалагим, ўйнатгим келади. Ҳар куни телефон орқали бир-биримиздан кўнгил сўраймиз. Эҳ, гоҳида атрофимда бўлаётган воқеалар бир туш бўлсаю, уйғониб кетсам дейман…
Кунига тўрт-беш қават ниқоблар таққан ҳолда беморлар олдига 3-4 маротаба хабар олгани кираман. Муолажаларни давом эттираман. Эрта тонгдан то кечгача шу ҳолатда юриб, ҳақиқий қиёфамни ҳам унутиб қўяёздим. Айтсам ишонмайсиз, бир пайтлар шифокорлар киядиган оқ либосни кийиб юришни орзу қилардим, иш фаолиятимни бошлаганимда эса ўзгача фахр билан кийиб юрардим. Бугун негадир ўша оппоқ либос кўнглимга қоп-қора бўлиб ботади.
Масалан, ҳозир 10 та вирус юқтирган беморга қараяпман. Биласизми уларни касалликдан кўра руҳий тушкунлик жуда азобламоқда, балки тобора емирмоқда. Бу эса бемордаги иммун тизимининг тушиб кетишига, оқибатда вирусга енгилишига олиб келмоқда. Беморларимнинг орасида эндигина 30 ёшдан ошганлари ҳам бор. Гулдек жон, олам-олам орзулар, бир дунё мақсадлар, ҳаётга тўймаган ташна юрак. Жонлантириш бўлимида аҳволи оғир беморлар билан ишлаш жараёнида шунга амин бўлдимки, Covid –19 нинг ўта оғир асоратлари олдида тиббиёт ожиз. Бугунга қадар 8 та беморни даволашга эришдик. Сақлаб қололмаганларимиз ҳам бўляпти афсуски…
Баъзан телевизор ёки ижтимоий тармоқларда оддийгина карантин қоидаларига амал қилмай, ўзбошимчалик билан иддао қилаётган ватандошларимни кўрганимда асабийлашиб кетаман. Агар улар мана бу ердаги вирус юқтирган беморларнинг аҳволини, уларнинг яшаб қолишни истаб, жон ҳолатда курашаётганларини бир кўрганида эди, асло бундай хатога йўл қўймаган бўлар эди.
Албатта, бу офатдан нафақат биз, балки бутун дунё жабр кўрмоқда. Неча-неча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган вирусни инсоният бошига келган бир офат деб атаяпмиз, лекин ҳаммасига ўзимиз айбдор эмасми? Вирус тарқалгандан буён карантин қоидаларига амал қилинг, ўзингизни асранг дея бонг урамиз. Бироқ қоидаларга тўлиқ амал қиляпмизми? Йўқ. Кескин вазиятга етарлича баҳо бермаяпмиз, балки буни истамаяпмиз. Сизнинг оилангиз йўқми? Фарзандларингиз йўқми? Наҳот уларнинг келажаги сизни қизиқтирмайди? Ҳеч бўлмаса яқинларингизнинг соғлиги учун ўзингизни эҳтиёт қилинг. Уйда қолинг ватандошим, уйда қолинг!
Одил БEРДИЕВ,
Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази 
реанимация бўлими шифокори

 

ЎзА