Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ф.Мартушелло (Италия) билан видеоконференция орқали музокара ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни, жумладан, икки томонлама парламентлараро алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Сўнгги пайтларда томонлар ўртасидаги муносабатлар янгича руҳда ривожланмоқда. Президент Ш.Мирзиёевнинг шу йил апрель ойида Европа кенгаши раҳбари Ш.Мишель билан ўтказган телефон мулоқоти бундан далолатдир.
Музокара чоғида Ф.Мартушелло Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардан хабардор этилди. Пандемиянинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига таъсирини камайтириш учун Ўзбекистонга 36 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам тақдим этишга тайёрлиги учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирилди.
Европарламент делегацияси раиси COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбариятининг инқирозга қарши чора-тадбирлари самарадорлиги кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар дастури билан боғлиқ .
Ўзбекистон хорижий давлатларга, жумладан, Европа Иттифоқи аъзоси Венгрияга коронавирусга қарши курашиш учун инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани алоҳида қайд этилди. Европарламент депутати шу йил март ойида Тошкентда кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими лойиҳаси юзасидан ўтказилган Ўзбекистон – ЕИ музокаралари якунларига ижобий баҳо берди. Мазкур музокаралар давомида томонлар ушбу кенг қамровли лойиҳанинг кўплаб муҳим масалаларини келишиб олди.
Ф.Мартушелло Ўзбекистоннинг GSP+ преференциал савдо мақомига эга бўлиши мамлакатимиздаги ислоҳотлар сиёсати қўллаб-қувватланишини кўрсатувчи муҳим қадам бўлишига қўшилди. GSP+ мақоми 6 мингдан зиёд номдаги маҳсулотларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконини беради.
Мулоқот чоғида “Ўзбекистон – ЕИ” парламентлараро ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлисини Брюссель шаҳрида ўтказиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
ЎзА